08 February 2023
15:57 - Юсуф Жума: ҲЕЧ КИМНИ АЙИРМА ЎЗ КУЛБАСИДАН, ҲАР КИМГА ЎЗИНИНГ КУЛБАСИ - КЎШКИНГ…
Бухоро этилди юз йиллаб вайрон,
Ҳамон ҳўпирарлар, чунки йўқ эга.
Эга бўла олур Темурдек хоқон,
Тангрим, кўра туриб,жимдирсан нега?!

Кўкларингдан гўзал вайронаси ҳам,
Осмонлар кўйимса - чанг билан қурум.
Вайрон этаётган ичи кир олам,
Боболар руҳига қилмоқда ҳужум.

Фақат Бухороми, Бойкент бўлди - гил,
Милён - милён йиллаб очунга Бошкент.
Ўч олмасам бўлмас жонимга енгил,
Йиқилди Хоразим, Самарқанд,Тошкент.

Элни ҳам буздилар, юртни бузгандай,
Юртни тиклаб бўлмас - тикланмаса эл.
Лекин очун кезсам - чўлни кезгандай,
Уруш бўлган жойга келтиргандай йўл.

Самарқанд қошида дунё - бир чайла,
Бир йўлкин тиклаган бир жўн олачуқ.
Ёмбининг ёнида занг босган чақа,
Қайси кентда ётар Мирзо Улуғбек?!…

Вайронларим устун кўк қуббасидан,
Тангрим, ёғиб турсин олқишинг - эркинг!!!
Ҳеч кимни айирма ўз кулбасидан,
Ҳар кимга ўзининг кулбаси - кўшкинг…

2023 йил, 5 февраль.

Узоқ йўлга чиқдим - мусофир - йўлкин,
Очундан ўрганиш истаги билан.
Кўзу эс - қўш элак элади бетин,
Қойил қолишга ўч тилаги билан.

Тўғма чанқоқлигим бордир билимга,
Тўғма ташнадирман - ҳайратга - ангга.
Қанча кентлар қолди босган йўлимда,
Уйқусиз етаман тонглардан тонгга.

Эсиз ҳеч нима йўқ - ўрганадиган,
Борлари ракета,тоза замбарак.
Банклар - инжиқ руҳим жирканадиган,
Қаёққа қарасам қисилар юрак…

Динлар бор ўлчовсиз - чала - чулпадир,
Тангрининг сўзидан ёлғонлари кўп.
Одамзот мунча жўн, мунча сийқадир,
Бари нодонликка, манфаатга ҳўп…

Қайга борсам - у ер юрагимга тор,
Нечун барча ёвим, ёрон йўқ менга?! -
Кўрмадим очунда оримчалик ор,
Номусимча номус йўқдир очунда!!!

Совуқ тиржайишдан бетлари ажин,
Биронта кўнгилдан яйраб кулмайди.
Дунё тулкиликдан пишгандир, лекин
Йўлбарсга тулкилик тўғри келмайди…

2023 йил, 3 февраль.

Кўнгли бўш ота.

Чол кўз ёш тўкарди,тенгдоши шу чоғ
Йўқлаб кириб келди, - тинчликми,иноқ?

Дўстим, тинчлик бўлса, ўртармидим жон,
Ўғлим мени тентак деди, - эҳ, нодон…

Йиғлаганингча бор. - Йўқ бунга эмас,
Тангрим, уни кечир дейман басма - бас.

Тангри кечирмаса, ўғлидан қайтса,
Ўғлим қандоқ чидар?! - ҳўнграйди ота…

2023 йил, 4 февраль.

Қачон жоним тинди - жавраганим йўқ,
Қачон ҳақиқатни сайраганим йўқ?!
Мен тушунтиришдан чарчадим, лекин
Эл тушунмасликдан чарчагани йўқ…

2023 йил, 6 февраль.