03 February 2023
12:34 - Зохиджон Закиров: БУХОРО АМИРЛИГИ ҚЎШИНИДАГИ АЙҒОҚЧИ - МИРЗАКАЛОН АНСАРИЙ

ХХ аср бошларига келиб Бухоро Амирлиги ҳокимияти заифлашиб, Амирликнинг ҳарбий қудрати ҳам сусайиб қолганди. 1917 йилдаги Россиядаги сиёсий инқилоблардан кейин Амирлик ҳукумати қулаши ҳам деярли аниқ бўлди. Чунки бир томондан "Ёш Бухоролик жадидлар" дунёвий мустақил давлат тузишни,бир томондан большевиклар Амирликни тугатиб коммунистик режимни ўрнатишни мақсад қилган эди.

Советлар Бухоро Амирлиги армиясида ва ҳукуматида жуда кўп хуфия-айғоқчилар ёллашга эришади. Ана шундай айғоқчилардан бири - Мирзакалон Ансарий исмли шахсдир
.
Мирзакалон Ансарий Бухорода Форс миллатига мансуб амалдор оиласида дунёга келган. Унинг отаси девонда кичик мирзалик касби билан шуғулланган. Аввало Ансарийлар оиласи Бухорога қандай келиб қолганлиги ҳақида сўз юритамиз.

Бухоро Амирлигида Амир Ҳайдар даврида (1800-1826 йиллар) Ўзбек қабилаларининг қариндош уруғчилик тарзидаги ҳукмронлик мавқейи ҳаддан ташқари ошиб кетади. Ўзбек уруғлари: Кенагас, Қўнғирот, Манғит, Минглар қариндош уруғчилик тарзида жойларда Беклик қилиб ҳаттоки Амирга бўйсунмай қўйишади. Қўшбеги, Девонбеги, Оталиқ лавозимидаги мансабдорлар фақат ўз уруғига суянарди ва уларнинг манфаатини кўзлаб иш қиларди. Улар Амирларга ўз сўзини ўтказа оларди чунки барча Бекликларда ўзларининг одамлари ҳокимликка тайинланган ва улар ўзларининг қўшинларига эга эди.

Бухоро Амирлиги ҳукумати Амир Насрулло давригача ёлланма ҳарбий қўшиндан фойдаланиб келарди, яъни Амирликда мунтазам қўшин йўқ эди. Зарур пайтларда ҳар бир Бекликлар ўз қўшини билан Арк майдонида саф тортарди. Беклар ўз ҳудудида деярли якка ҳукмрон эди, бу эса ички бошбошдоқликни келтириб чиқариб, Амир ҳокимиятини хавфга қўярди. Отасидан кейин иккита акасини ўлдириб тахтга эга чиққан Амир Насрулло (1826-1860) ҳам Ўзбек Уруғларининг айниқса, Кенагас уруғининг қаттиқ қаршилигига учрайди. Ҳукмронлиги даврида Кенагас қабиласи устига Шаҳрисабз ва Китобга 32 марта юриш қилиб фақатгина 1856 йилда бу Бекликларни тўлиқ қаршилигини синдиради.

Шунда Амир Насрулло қабилаларнинг қаршилиги ва ўзбошимчалигини камайтириш учун антиқа усулни қўллай бошлайди - Қўшбеги (Бош Вазир) лавозимига Форс аслзодаларини тайинлашни бошлайди. Бу аслзодалар Эрондан махсус олиб келтирила бошланади ва фақат Амирга сидқидилдан хизмат қилиб Ўзбек қабила раҳнамоларининг қаршилигини бостириб туради. Бу усул иш берганидан кейин ёппасига Эрондан Форс аслзодалари Бухорога оилалари билан оқиб кела бошлайди ва улар ўз қизларини Амирнинг никоҳига бера бошлайди. Вазият шу даражага келгандики Амирлар ва Шаҳзодалар фақат Форс қизларига уйланишни одат қиладилар ва бунинг натижасида Форслар бутун ҳокимиятни ўз қўлига олади...

Мирзакалон Ансарийнинг оиласи ҳам Амир Насрулло даврида Эрондан Бухорога келиб ўрнашган эди. Ансарий отасининг ёрдами билан Амирликда ҳарбий хизматга кириб тўпчилар қўшинида хизмат қила бошлайди, большевиклар айғоқчиликда айнан кўплаб Форс аслзодалари қаторида Ансарийлар оиласи билан алоқа боғлаган эди.

Мирзакалон Ансарий 2 йил давомида жуда кўплаб ҳарбий сирларни русларга етказиб туради, нафақат ҳарбий сирларни ундан ташқари Амир кимга қандай топшириқ беряпти, советлар босқин қилиб қолгудек бўлса қайси Бек қанча қўшин билан тайёр туриши ҳақидаги махфий маълумотларни ҳам отаси воситасида билиб, советлар разведкасига махфий тарзда етказиб туради. Ҳаттоки Бухорога Фрунзе ҳужум қилишидан олдин Ансарий бошчилигидаги #сотқинлар Амирлик қўшинидаги тўпларга тош, похол тиқиб тўпларни ишдан чиқаришади.

Бухоро большевиклар томонидан бомбардимон қилиб эгалланиб, Амирлик тугатилганидан сўнг Мирзакалон Ансарий Иброҳимбек бошчилигидаги истиқлолчилар қўшинига киради ва у ерда ҳам айғоқчилик қилиб махфий сирларни #русларга ҳар хил восита ёрдамида етказиб туради. Анвар Пошо келгандан сўнг Иброҳимбек қўмондонликни унга топширади. Анвар пошо бошчилигидаги истиқлолчилар 1922 йил баҳорида Душанбедан Бойсунгача бўлган ҳудудларни руслардан тортиб олишади.

Ана шу қўшин таркибида айғоқчилик қилаётган Мирзакалон Ансарий Анвар пошонинг махсус одамлари томонидан қўлга олиниб, фош этилади. Хоинни жазолашни Анвар пошо Иброҳимбекка топширади. Иброҳимбек бошчилигидаги Ўзбек Лақайлари Мирзакалон Ансарийни тириклайин терисини шилиб, кўпкарида улоқ қилиб чопишган экан.