01 February 2023
07:20 - Юсуф Жума: ОЗОДКЕНТ ТЎҒРИСИДА РИВОЯТ.

Эски чоғлар ҳақида
Бордир эски афсона.
Бўлган ернинг юзида
Икки юз қуёнхона.

Жонзотларнинг бор тури
Аталган экан қуён.
Инсонларнинг бор тури
Аталганидек инсон.

Арслон ҳам, йўлбарс ҳам,
Бўри, сирлону қоплон,
Бари қуён саналиб,
Яшар экан ёнма - ён.

Фил аталган - филқуён,
Нор аталган норқуён.
Қуёнлар билан бирга,
Барида бирдай имкон.

Инидан қўрқиб чиқиб,
Қўрқиб яшаши шартдир.
Иш чоғлари тугагач,
Қўрқиб кириши шартдир.

Бу тузукдир, ким бузса
Жазоланар - шубҳасиз.
Арслон ҳам, йўлбарс ҳам
Яшаши шарт - наърасиз!

Наъра тортган тентак деб
Тутқун тентакхонада.
Қуён элнинг тинчини
Бузди деб тентакона.

Алқисса, икки юзта
Қуёнхона ичида
Фақат бирида эрк,ҳақ
Тузуклари кучида.

Фақатгина бирида
Чексиз озодлик экан.
Қуёнхона оти ҳам
Озодкент отлик экан.

Ўзга қуёнхоналар
Қуёнларга кушхона.
Дуч келгани сўйилар,
Шу йўл бордир - ягона.

Озодкентда бундайин
Ёвузлик қораланган.
Барча озод, ҳукмдор
Эл ичидан сайланган.

Шу боис ер юзидан
Қочиб қуёнлар келар.
Қуён аталган йўлбарс,
Сор,арслонлар келар.

Ҳеч ким, ҳеч чоғ ушланиб,
Сўйилмайди - мана эрк.
Ишла, яша, даврон сур,
Йўқдир сенга қарши чек…

Четдан бир лочинқуён
Қочиб келди шу кентга.
Ишга кирди, юк ташир,
Ишдош туяга, отга.

Ишлар тонгдан шомгача,
Гоҳо шомдан тонггача.
Ойликка гўшт олади,
Гўшт мўл - кўл, арзон анча.

“Қизиқ,- ўйлайди лочин -
Сўйиш тақиқланган жой.
Гўштни четдан ташийди,
Мунча эркинликка бой?!

Фақат юк эвдан ортиқ,
Қуритади силлангни.
Тонгда кўтаргинг келмас
Тошёстиқдан каллангни.

Тоғ устида яшамас,
Ер остида яшайди.
Қуёнлар қаторида,
Ғирт қуёнга ўхшайди.

Ойлар ўтди,бир куни
Ишдан қайтарди ҳорғин,
Қуёнлар қаторини
Кўрди узундан - узун.

Мунчалар узун қатор,
Қизиқарли - не боис?
Дедилар - кушхонага
Навбат талашдир - эсиз!

Лочин дер - Озодкентда
Сўйилиш этилган манъ.
Дедилар - эҳ, бечора,
Тоза қочқин экансан.

Сўзинг тўғри - сўйишга
Чиндан қўйилган таъқиқ.
Лекин жондан тўйганлар
Истасалар - таъқиқ йўқ.

Чунки бу - Озодкентдир,
Чунки бу - эркин диёр.
Сўйилишни тилаган,
Сўйилар - эркинлик бор!

Лочин ҳайратдан қотди,
Сўйилмоқчисиз нечун?!
-Оғир юк жонга тегди,
Тўлов тўлаш шарт ҳар кун.

Ҳар куни минг ўлгунча,
Бир ўлган эмасми - соз?!
Беш - ўн йил ишла, сен ҳам
Шу ерга келасан, боз!…

Алқисса,ўтмади йил,
Ишдан қайтаркан ҳорғин,
Тўловли уйга бормай,
Навбатда турди лочин…

2023 йил, 31 январь.