29 January 2023
16:26 - Юсуф Жума: СЎЗНИКУ БАРЧА АЙТАР, СЎЗ УҚАРНИ ТОПМАДИМ, ҲАҚҚА ОҒИЗ ЁПТИЛАР, МЕН ОҒЗИМНИ ЁПМАДИМ…

(“Ёқимсиз шеърлар” туркумидан.)

Агар Тангрим қўллаб турса,
Бир ўзим очундан зўрман!
Жўши руҳимда жўш урса,
Бир ўзим очундан зўрман!

Инсоният - икки газлик,
Бошдан - оёғи носозлик.
Менга бўлса Ўзи - ўзлик,
Бир ўзим очундан зўрман!

Дунёга қарши тураман,
Не боис кўкрак кераман?!
Ишонч - кўшкида юраман,
Бир ўзим очундан зўрман!

Ҳозирликча шеърим - қасос,
Эрта - индин тирим - қасос,
Мангу пирим - Бирим - қасос,
Бир ўзим очундан зўрман!

Дунё - қошимда бир тариқ,
Ўчимга эксам - унар эрк,
Экаман,Ўзи деса - эк!
Бир ўзим очундан зўрман!

Ўзига ишонсанг қанча -
Ўзидан беради шунча!
Тангрини олганман ўлжа,
Бир ўзим очундан зўрман!!!

2023 йил, 27 январь.

* * * * * * * * * *

Турсанг ёвузликка қанчалик қарши -
Тангрини кўрасан шунчалик яхши.
Шу йўли, шу диндир, шусиз динсизсан,
Тангри - чину эркдир, чину эрк - Тангри!

2023 йил,28 январь.

* * * * * * * * * *

Жикдан кўра киши чандон чиркиндир,
Иблис бир чоҳ бўлса, одам ўпқиндир.
Шайтонликдан узлат этса бўлади,
Инсонликдан узлат этиш қийиндир.

2023 йил,28 январь.

* * * * * * * * * *

Эр, сени қисдими, дунё кўкламда,
Қисилма,шонли кун кўпдир Эгамда.
Ёздами, куздами, қишдами берар,
Тунда довруқ берди бармоқдай шамга…

2023 йил,28январь.

* * * * * * * * * *

Сен тир билан овлаб қоплонни, қўрқоқ,
Қоплонни енгдим деб бонг урдинг узоқ.
Қуролсиз олишгин қуролсиз билан,
Отим ичагингга бўлади оёқ…
2023 йил,28 январь.


* * * * * * * * * *

Чексиз ҳикмат берди, мен ким - кир кимса,
Бергани қошида очун - йўқ нарса,
Йўғини бермасми, борини берган?!
Қасосим бўйнингда, ёғий,алқисса.

2023 йил, 28 январь.

* * * * * * * * * *

Адолатли сўзимни бетга чопарлик дерлар,
Оташ жасоратимни юзсизлик дер ноэрлар.
Гар қўрқоқлик юз бўлса, юзинггизга тупурдим,
Ботирликдир - қизил юз, Тангри юзлик ботирлар!!!

2023 йил, 28 январь.

* * * * * * * * * *

Номардларникидир жамики тўрлар,
Ўзларин санашар чинакам эрлар.
Кетларин эплолмай эрга тегарлар,
Дунёга номусдан сабоқ берарлар…

2023 йил,28 январь.

* * * * * * * * * *

Сўзнику барча айтар, сўз уқарни топмадим,
Ҳаққа оғиз ёптилар, мен оғзимни ёпмадим.
Бетимга чопдинг дема, ҳақиқатни сўйладим,
Бетингга ҳам чопмадим, кетингга ҳам чопмадим…

2023 йил,28 январь.