Ўзбекистонда чет элдан чақирилган ватандошлар потенциалидан давлат бошқарувида тўғри ва тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу ҳақда кеча, 16 декабр куни “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Мафкуравий иммунитет ва миллий ғурурни қандай шакллантирамиз?” мавзусида ўтказилган давра суҳбатига чақирилган қатор таҳлилчилар якдил фикр билдиришди.
Улар шунингдек, Ўзбекистон кадрлар сиёсатидаги муаммолар нимадан иборатлиги борасида ҳам таҳлилий фикрларини билдириб ўтди.
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ҳозирги шароитни ўзгартириш учун чет элдан келган ҳар бир мутахассиснинг бераётган таклифига эътиборни кучайтириш керак.
“Бунинг бир неча йўллари бор. Биринчидан, унинг ёнига тажрибали, бошқарувда кучи бор, эски тизимни яхши биладиган бир инсонни қўйиш керак. У эски ва янги тизимни солиштириб, яхшироқ қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
Лекин олиб келинган кадр бу таклифни ўз вазирига эмас, жамоатчиликка олиб чиқиши керак. Энг ёмони ва ачинарлиси ҳозир четдан келган зўр-зўр кадрлар билан ишлайдиган одам йўқ. Уларнинг гапини эшитадиган одам йўқ.
Ўз тажрибамдан биламан, 1998 йилда чет элдан келган хорижий компанияни PR менежер сифатида ёллашган. Биринчи икки ойликда улар билан учрашишга вақт бўлмаган. Айб менда бўлган. Икки ой давомида улар шунчаки юрган. Таклифлар билан чиқяпти, эшитадиган одам йўқ.
Бир куни компания раҳбари жаҳл билан қаттиқ-қаттиқ, нафсониятимга тегадиган гапларни гапирди. Лекин кейин ўзимга айтдим, гапи тўғри-ку. Улар келди, биз унга пул тўлаяпмиз, лекин гапини эшитмаяпмиз. Шунинг учун ғуруримни босдим-да, унинг гапини эшитдим. Ишонасизми, у менга қандай зўр ғояларни берди. Яъни мен қилаётган ишимга ўзгаларнинг кўзи билан қараб кўрдим ва жуда жиркандим. Айнан ўша нуқтайи назар туфайли фаолиятимга жуда катта ўзгаришлар киритдим.
Саволингизга жавоб шу: уларнинг ёнига тажрибали бир адибни қўйиб, уларнинг фикрини кенгроқ муҳокамага олиб чиқиш йўлларини излаш керак.
Иккинчидан, юқори элита ҳам бундай дебатларга тайёр бўлиши керак. Мен кўп вазирларни кўраман. Улар у селектордан бу селекторгача яшайди. Ходимлар билан учрашиб, уларни эшитиб, фикрларини жамлашга ҳам вақти йўқ. Фақат ҳисобот тайёрлаш билан овора бўлиб қоляпти”, — деди таҳлилчи.
У фикрлари давомида шунингдек, четдан чақирилган ватандошлар тажрибаси ва потенциали бугун бизнинг элитада қанчалик хоҳланяпти, дея берилган саволга ҳам жавоб қайтарди.
“Менимча, биринчи ҳокимиятда бу саволга тўғри жавоб топилганди. У пайтда вазирликлараро координация тизими бўларди. У ерда кўплаб “умидчилар” ҳам бўларди ва улар ўз фикрларини айта оларди. Афсуски, бу тажриба узоққа бормади, уч йилча давом этди ва тугади. Бу тажриба бор эди бизда.
Биз бугун турли соҳаларда бундай платформани яратсак бўлади. Яъни турли соҳалардаги ёш олимлар, илм эгалари деймизми, қилинган бир платформада ўз фикрларини айтиши мумкин. Шу орқали уларнинг орасидан “пичоққа илинадигани”ни танлаб олиш мумкин.
Биз кўраётган ҳолат шундайки, биз жуда қимматбаҳо нарсаларни олиб келдик-да, лекин улардан фойдаланмаяпмиз. Биз уларга катта ойлик ҳам беряпмиз, лекин катта ойлик берсак, иш ўз-ўзидан кетади, деб хато ўйладик. Чунки улар ойлик учун келмади. Улар юртни севгани учун рози бўлди.
Бошидан нотўғри ёндашув бўлди. Улар учун энг муҳими фикри эшитилиши ва шу фикрнинг амалда жорий қилиниши. Яъни ўзини реализация қилиш қобилияти. Лекин бу имкониятни яратиб бермаяпмиз. Биз бунинг йўлларини қидиришимиз керак. Балки бу борада қандайдир форумлар бўлиши керакдир.
Бугун агар иқтисодий блокни оладиган бўлсак ҳам у ерда икки хил мафкура бир-бири билан курашмоқда. Тўртта вазирлик бўлса, тўрт хил ишни қилади. Бир-бирини эшитмайди. Бу жуда ачинарли ҳол. Чунки бу курашнинг натижаси бўлиши керак. Аргументлар эшитилиши, танлаб олиниши керак”, – деди таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.
Четдан чақирилган ватандошлар билан кутилган натижага эришилмаётгани, уларнинг потенциалидан етарли фойдаланилмаётгани борасида таҳлилчи Ҳамид Содиқ ҳам ўз фикрларини билдирди.
“Юқорида янги келган кадрлар тизим тепасидаги вазирлар томонидан ҳатто селекторларга олиб кирилмайди, деган фикрлар ҳам бўлди. Бу аслида ҳокимиятнинг миллий ғояси. Бу кичик, маргинал фикр эмас. Бу тепадаги энг катта ғоя. Мана бу катта муаммомиз.
Аслида ўзимизда ҳам янги фикр бера оладиган кадрлар бор. Лекин бундай кадрлар бошқа платформа. Бу иккита тафаккур тарзи. Яъни уларнинг кўпчилиги тезисга боғланган.
Мансабимни йўқотиб қўяман деган тушунча мансабдорларнинг ичидаги тушунча эмас, бу марказий тушунча”, — деди таҳлилчи.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, кадрлар масаласида барча муаммо яратилган ва амалда ишлаётган тизимда ҳисобланади. Жумладан, кадрлар сиёсатида рақобат тизими яратилсагина кутилган натижага эришиш мумкин.
“Биринчи ва иккинчи маъмуриятнинг кадрлар сиёсати фалсафасида катта фарқ бор.
Биринчи маъмурият даврида кадрлар жамиятнинг эҳтиёжларини малакали англаш ва уларни каналлаштириш эмас, жамиятни имкон қадар назорат қилиш фалсафаси эди. Шунинг учун биринчи маъмурият давридаги энг қудратли шахслар кимлар бўлганини яхши биламиз.
Бугунги кунда “китоб, интеллект култи” шаклланиб бошлаяпти. Тизим шундай бўлиши керакки, биринчидан, инсонлар ўзига интеллектуал капитал юкласин, иккинчидан, бу билимлар максимал амалга ошиши учун имконият бўлиши керак. Бунинг учун тизим керак.
Яъни биз кўп вақтдан бери айтиб келамизки, биринчи ўринда туман ва кейин вилоят ҳокимлари сайланиши керак. Кўп давлатларда ҳатто прокурорлар ва судялар сайланади. Давлат бюджетидан ойлик оладиган ҳар қандай мулозимлар сайланади. Мана шу тизим шаклланадиган бўлса, албатта интеллектуал рақобат бўлади.
Биринчидан интеллектуал рақобат, иккинчиси ахлоқий рақобат. Чунки бу ҳам муҳим. Яъни бу тизим имкон қадар кучли рақобатга асосланган тизим бўлганидан кейин кадр Америка ёки Европага борган бўлиши керак эмас. Мана масалан, Грузия ҳамма кадрларини ҳам четда ўқитиб келгани йўқ”, – деб сиёсатшунос фикрларини келтирмоқда Камолиддин Раббимов.