Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги конференцияда жамоатчилик фаоли Барногул Санақулова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамовани зўравонликка доир тизимли муаммоларга жим қараб турганликда айблади. Маҳкамова уч дақиқадан ортиқроқ давом этган жавоб-нутқида зўравонлик муаммоси ҳақида деярли гапирмади.
6 декабр куни Тошкентда ташкиллаштирилган «Зўравонликка қарши курашни институционализация қилиш. Медиада гендер-таъсирчан образларни яратиш» мавзусидаги халқаро конференцияда иқтисодчи, профессор Барногул Санақулова хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик юзасидан қонунларни кучайтириш нега пайсалга солинаётгани ҳақида савол берди.
Профессор бу вазиятда кўп оғриқли масалаларга сукут сақлаш билан жавоб бераётган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси жамиятда зўравонларга нисбатан чора кўрилмайдиган тизимни вужудга келишига ҳисса қўшаётганига урғу берди.
«Сиз шундай тизим яратяпсизки, бу тизимда зўравон билан ҳеч ким ишламайди. У хоҳлаган ишини қилади, чунки қонунлар унга шу имконни беради.
Фақатгина у ўз нутқида реал ҳолатга алоқадор бўлган кейсларни, тезисларни гапириб ўтди. Бугун қонунларни таҳлил қилсак, уларни зўравоннинг ўзи ёки адвокати ёзгандек. Жазога ҳукм қилинган зўравон қамоқдан 1,5 ёки 3 йилда чиқиб келади. Жуда борса, қандайдир жарималар билан қутулиб кетиши ҳам мумкин ва яна зўравонлик қилишда давом этиши ҳам мумкин.
Педофилизм масаласида ҳам худди шундай ҳолат. Агар педофил ўз манзилини ўзгартирадиган бўлса, яна шу иллати билан ўз қилмишларини давом эттириши мумкин. Ҳеч ким бунга қаршилик қилмайди.
Сиз нимани кутяпсиз? Зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунларни мониторинг қилдик, киритиладиган ўзгартишлар бўйича ҳужжат тайёрланди, лекин нега ҳалигача қонун қабул қилинмаяпти?
Бир ойда 7 та аёлни ўлдиришяпти, лекин сайтингизда уларнинг бирортаси ҳақида маълумот йўқ. Ҳолбуки, оммавий ахборот воситалари бу ҳақида тўхтамай ёзиляпти. Нега бирортасига қўмита раиси сифатида ўз муносабатингизни билдирмаяпсиз? Фақат расмга тушиш, кўргазмалар ўтказиш каби тадбирлардан ортмаяпсиз?» – деди Барногул Санақулова.
Модератор томонидан регламент ҳақида огоҳлантирилган профессор уч сафардан буён қўмита раиси билан учрашиш имкони бўлмаганини қўшимча қилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ўтказилган шу мавзудаги подкастга таклиф қилинмагани, ундан бехабарлигини айтди.
«Бизга бўлган эътирозлардан кейин хабар келиши мумкин бўлган тизимларни хатловдан ўтказдик. Бу ҳақда бирорта хабар қўмитага келиб тушмаганини расман айтишимиз мумкин. Фақатгина Оила ва илмий тадқиқот институтидан сўралган икки нафар мутахассис бориб савол-жавобда иштирок этган.
Бизга хабар етмаганлиги бўйича, қилинган ишларимиз ҳақида авваллари брифингларда матбуот хизмати орқали халқ билан тўғридан тўғри чиқишлар қилганлигимиз, бу мулоқотда биз иштирок этмаганимиз ва биргаликда шу жараёнларда юрмаслигимиз бизнинг хабардор бўлмаганимиз сабабли эканини ҳаммага эълон қилдик.
Ва бўлаётган форумларда – Олий суд, прокуратура, Гендер қўмита билан ўтказилган учта форумда қилинган гендер тенглик ишлари бўйича бандма-банд халққа ҳисобот бердим», – деди қўмита раиси.
Зулайҳо Маҳкамова ўзининг 3 дақиқалик жавобида унга нисбатан айтилган танқиднинг ва умуман тадбирнинг асосий мавзуси бўлган гендер зўравонлик ҳақида фақатгина қуйидагиларни айтиш билан кифояланди:
"Зўравонлик бўйича ҳали ишларимиз зўр, қойил қилдик деб маълумот бермаяпмиз. Ҳали олиб борадиган ишларимиз кўплиги, ташкилотлар билан қуйи тизимда тадбирлар эмас, тўғридан тўғри Ўзбекистондаги чиқарилаётган фармон-қарорларда ҳам халқ манфаати ва ҳамма билса керак, бугун маҳаллабай, оилабай ишлаш [сиёсати амалда]”, – деди у.
Қўмита раҳбари сўзининг давомида «Аёллар дафтари»га киритилган минглаб аёллар бугун иш берувчига, жамиятдаги фаол қатламга айланганини айтди.
«Биз тўғридан тўғри аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш тизимини яратяпмиз. Катта, кўнгилочар тадбирлар қилиш даражасида эмас, пастда тизимлар билан, сиз каби ҳуқуқшунослар ёрдам беришяпти. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоққа маълумот берувчилар биз билан бирга юриб, кўриб, яқиндан ёрдам беришяпти», – деди у.
Зулайҳо Маҳкамова эски стереотиплардан воз кечган ҳолда жиддий ишлар олиб борилаётганини, барча мақсадлар инсон қадри учун халққа хизмат қилиш эканини қўшимча қилди.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Таҳририятдан: 19 ноябр куни эълон қилинган подкаст (4 ноябрда суратга олинган)да иштирок этиш учун сайт журналисти шахсан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева билан телефон орқали боғланади. Суҳбатнинг аёлларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш мавзусида эканини билгач, бу масала юзасидан яна бир ўринбосар Нодира Эгамбердиева шуғулланиши ва у билан боғланиш лозимлигини айтади.
Эгамбердиева эса суҳбатда иштирок этиш учун расмий хат юборишни талаб қилади. Шундан сўнг таҳририят бу масъулларнинг подкастда иштирок этишларини ортиқча расмиятчилик деб топди. Бу ҳақда подкастда ҳам айтиб ўтилган.
Маҳкамова таъкидлаган Оила ва илмий тадқиқот институтидан сўралган икки нафар мутахассис эса 25 ноябр – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш куни муносабати билан халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилган конференцияга таклиф этилган бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, тадбирга бу масалага масъул бўлган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Сенатнинг Гендер тенглик масалалари қўмитасидан бирор вакил келмаган эди.