03 December 2022
17:48 - ЖССТ дунё аҳолисининг 90 фоизида коронавирусга қарши иммунитет борлигини эълон қилди
Пандемия ўзининг фавқулодда босқичидан ўтди, аммо ҳали тугамади.

Дунё аҳолисининг камида 90 фоизида Covid-19 касаллигига қарши иммунитет шаклланган, деди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус. Унинг сўзларига кўра, бу эмлаш ёки аввалроқ одамнинг коронавирус билан касалланганлиги туфайли содир бўлган.

«ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда дунё аҳолисининг камида 90 фоизи ўтмишдаги инфекция ёки эмлаш орқали SARS-CoV-2 вирусига қарши маълум даражада иммунитетга эга. Биз пандемиянинг фавқулодда босқичи тугаган деб айтишга анча яқинмиз. Бироқ, бу ҳали охири эмас», деди ЖССТ раҳбари.

ЖССТ бош директори маълумотларига кўра, 21-27 ноябр кунлари Covid-19 касаллигидан дунё бўйича 8,5 мингдан ортиқ одам вафот этган.

«Пандемия бошланганидан уч йил ўтиб, бизда инфекцияларнинг олдини олиш ва одам ҳаётини сақлаб қолиш учун жуда кўп воситалар мавжуд бўлган шароитда бу мақбул эмас», деди Гебрейесус.

Шу билан бирга, у сўнгги беш ҳафта ичида коронавирусдан ўлимлар сони бироз камайганини таъкидлади.

ЖССТ раҳбари шунингдек, бугунги кунда «омикрон»нинг 500 дан ортиқ суб-штаммлари мавжудлигини айтди.

«Омикрон штамми пайдо бўлганидан бери Covid-19 мутацияни давом эттирди. Бугунги кунда 500 дан ортиқ омикрон субштамлари айланмоқда. Уларнинг барчаси жуда юқумли. Эпидемиологик назорат, тест олиш ва эмлашдаги бўшлиқлар янги штаммларнинг пайдо бўлишига идеал шароит яратаверади», деди Гебрейесус.