29 November 2022
19:36 - “Баъзилар Ўзбекистонни яхши тушунмаган кўринади” – (ўзбек) сиёсатшунос Россиянинг янги “иттифоқи” ҳақида
“Шу пайтгача Евросиё Иттифоқига тўлиқ кирмаган Ўзбекистон, энди, санкциялар босими остида турган Россиянинг янги “иттифоқи”га қўшиладими? Менимча, ҳали ҳам баъзилар Ўзбекистонни яхши тушунмаган кўринади”, дейди Камолиддин Раббимов.

Сайловдан кейинги биринчи давлат ташрифи Россияга бўлган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев РФ президенти Владимир Путиннинг “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида, энергетик иттифоқ тузайлик” деган таклифига оғзаки розилик билдирди.

Кейинроқ Оқ ўрда бу газ масаласидаги иттифоқ таклифи эканини маълум қилди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, Тўқаевнинг Россияга ташрифини “тинчлантириш ташрифи” деб аташ мумкин.

“Кейинги уч йил давомида, Тўқаев ва Путиннинг муносабатлари совуқ, улар ўзаро бир-бирига мутлақ ишонмайди. Лекин, дипломатик мулозамат қилишга мажбур. Путин Украина билан банд. Қозоғистонга иккинчи фронтни оча олмайди. Ресурс етмайди. Тўқаев ҳам сайловдан кейинги ўзининг биринчи ташрифини Россиядан бошлади.

Бу тинчлантириш ташрифи дейилади: “Тинчлан, мен сенга душман эмасман, мен сенга қарши бормайман. Агар ўзинг мени ҳудудим ва мустақиллигимни ҳурмат қилсанг, душман бўлмаймиз”.
Қозоғистон элитаси яхши тушунадики, Путиннинг сиёсий умри катта тезликда қисқариб боряпти. У саросимага тушган пайт, унинг қаҳр-ғазаби Қозоғистонга йўналишига имкон бермаслик керак. Шунинг учун, Москвага бориб, Путинни тинчлантириш муҳим эди”, – дейди (ўзбек) сиёсатшунос.

Унинг фикрича, Тўқаев Путиннинг иттифоқ борасидаги таклифига шунчаки “ҳа” деган бўлса-да, бу Қозоғистон учун ҳам оғир юк бўлади.

“Москва томонидан “келинг, учлик иттифоқи тузайлик!” деган таклифга, Тўқаев “йўқ” деб жавоб берса, меҳмонга бориб мезбонни яна сазойи қилган бўлади.

Ўтган сафар Петербургда Путиннинг ёнида ўтириб “мен сенинг ДХР ва ЛХРларингни тан олмайман!” дегани ҳалига қадар Путиннинг асабига тегади. Шунинг учун, бу сафар ҳам Путинни асабийлаштирмаслик учун “ҳа, майли, бўлса бўла қолсин шу иттифоқ!” деб қутулди. Лекин бу иттифоқ Қозоғистонга оғир юк бўлади, буни Тўқаев яхши тушунади”.

Сиёсатшуносга кўра, Ўзбекистон энергетик, геосиёсий мустақиллигини йўқотмаслик ёки торайтирмаслик учун бу иттифоққа қўшилмайди. Бундан ташқари, бугунги кунда Россия билан тузилган келишувлар туфайли иккиламчи санкцияларга тушиш эҳтимоли ошиб бормоқда.

“Ишончим комил, Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмайди. Сабаблари кўп. Биринчидан, Ўзбекистон ўзининг энергетик олди-сотдисини Россия билан мувофиқлаштирса, ўзининг энергетик ва геосиёсий мустақиллигини теп-текис жойда қисқартирган, торайтирган ёки йўқотган бўлади.

Иккинчидан, иҳоталанган Россияга энергетик ва савдо-иқтисодий ҳамда геосиёсий муносабатлар устидан монополияни сақлаб қолишда, ўзининг манфаатларини қурбон қилиб бўлса-да, ёрдам берса, шимолий империализмнинг яшовчанлигини узайтирган бўлади. Қолаверса, иккиламчи санкцияларга ўзини атайлаб дучор қилган бўлади.

Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги геосиёсий энг мустақил давлат. Хоҳлаганда КХШТга кириб, хоҳлаганда чиқади. Евросиё Иттифоқида ҳам кузатувчи бўлиб, бу ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқаларини ичкаридан ва бепул томоша қилишни яхши кўради. Лекин, бу ишларга аралашиб, ўзига катта масъулият еки оғир гуноҳ олмайди. Шу пайтгача Евросиё Иттифоқига тўлиқ кирмаган Ўзбекистон, энди, санкциялар босими остида турган Россиянинг янги “иттифоқи”га қўшиладими? Менимча, ҳали ҳам баъзилар Ўзбекистонни яхши тушунмаган кўринади”, – дейди (ўзбек) сиёсатшунос.