- Агар Ўзбекистон “Толибон” билан алоқани йўлга қўймаса, ташқи дунё Афғонистонга қўллаётган бирор “пакет”га қўшилиши керак бўлади. Лекин қўшни давлат билан тўқнашмаслик учун Ўзбекистон бу босимларга қўшила олмайди. Коллектив Ғарбда “ёмон полициячи” бўлиб, шарт қўйиш имконияти бор, Ўзбекистонда эса яқин қўшни бўлиб уларни ишонтириш имконияти бор, - дебди Камолиддин Раббимов.
- Яқинда Германия Ташқи Ишлар вазири Анналена Бербок Ўзбекистонга ташриф буюрди. У ташриф давомида “Толибон”дан азият чекаётган минглаб афғонистонликларни Ўзбекистон орқали олиб чиқиб кетиш масалаларини муҳокама қилганини билдирди. Немис расмийси “Толибон”га нисбатан Ўзбекистонга қарши юритаётган сиёсат ҳақидаги нутқидан сўнг, бу масалада Германия Ўзбекистон билан ҳамфикр эмаслигини таъкидлади. Нима деб ўйлайсиз, нега Германия “Толибон”га қарши позицияда?
Камолиддин Раббимов: Аслида, Коллектив Ғарб ва Ўзбекистоннинг позициясини битта позициянинг иккита катта қисми дейишимиз мумкин. Ўзбекистонда танлаш имконияти мавжуд эмас. Чунки Афғонистон бизнинг қўшнимиз. Истаймизми, йўқми, бу ҳокимиятга келган реал воқелик. Ўзбекистон “Толибон”га нисбатан “яхши полициячи” ролини ўйнаяпти. У билан муттасил алоқада, уларни трансформация бўлишига муттасил ишонтиришга ҳаракат қиляпти.
Шу билан бирга ташқи дунё қўйган шартларни Ўзбекистон албатта истайди. Яъни бутун ташқи дунё “Толибон”га нисбатан бир қанча фундаментал шартлар қўйган. Биринчиси, ташқи дунёдаги террористик ва экстремистик гуруҳлар билан алоқаларни узиш ва уларни ҳеч бир шаклда қўллаб-қувватламаслик. Иккинчидан, “Толибон” ҳокимиятда инклюзив бошқарувни шакллантириши керак. У ердаги ҳар хил этник гуруҳларга ҳокимиятдан жой бериши керак. Гендер масаласида аёлларга ҳам кенгроқ имкониятлар берилиши керак. Жумладан, собиқ ҳокимият вакилларига ҳам ҳокимиятдан жой бериши керак. Бу талабларнинг бажарилиши Ўзбекистон манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
Ўзбекистоннинг “Толибон” билан алоқа қилишдан биринчи мақсади – геосиёсий мустақиллик. Агар биз улар билан алоқани йўлга қўймасак, ташқи дунё қўллаётган бирор пакетга қўшилишимиз керак бўлади. Америка билан десангиз, улар 20 йил “Толибон” билан уришган, муносабатлар таранг. Демак, Россиянинг пакетига қўшиладиган бўлсак, руслар “жанубдаги таҳдид” баҳонасида Марказий Осиёга геосиёсий босим қилишади. Россиянинг биринчи шарти Ўзбекистон КХШТга қўшилиши керак, дейди. Ўзбекистон ўз нейтраллигини сақлаб қолиш учун тўғридан тўғри “Толибон” билан мулоқот олиб борди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Афғонистон орқали катта бир логистика лойиҳалари мавжуд. У ерда этник ўзбек гуруҳлари бор ва уларга босим бўлмаслиги учун ҳам “Толибон” билан гаплашиши керак. Бу Ўзбекистоннинг стратегик манфаатларига тўғри келади. Лекин агар ташқи дунё “Толибон”га нисбатан босимни пасайтирса, Ўзбекистон танлаган стратегия ўз аҳамиятини йўқота бошлайди. Агар улар босимни давом эттирса ва инклюзив ҳокимият ривожланса ва ижтимоий портлашларнинг олди олинса, бу Ўзбекистон манфаатларига тўғри келади.
Ўзбекистон қўшни давлат билан тўқнашмаслик учун бу босимларга қўшила олмайди, лекин ғарбнинг шартлари бажарилишидан манфаатдор. Ўзбекистоннинг вазифаси “Толибон”га нисбатан “яхши полициячи” бўлиш. Коллектив Ғарбда имконият бор. “Ёмон полициячи” бўлиб, уларни қўрқитиш. Ўзбекистонда эса яқин қўшни бўлиб уларни ишонтириш имконияти бор.
Афғонистон бўйича Тошкентда бўлган тадбирларда ҳам Ўзбекистоннинг йирик мулозимлари халқаро ҳамжамият шартларини “Толибон”га эслатишди. Лекин, Ўзбекистон бу шартларни айтаётганда, АҚШ ёки Германия каби тўғридан тўғри босим сифатида унга оҳанг бера олмайди. Чунки улар қўшнимиз, дипломатик муносабатларга салбий тус кирадиган бўлса, Ўзбекистоннинг “Толибон”га юмшоқ таъсир қилиш имконияти йўқолади ёки пасайиб кетади.
* * * * *
Хуллас, дейди мухбиримиз, қани айтинг, ким ҳақ, ким ноҳақ?