11 November 2022
03:00 - Юсуф Жума: ЭРТА КЎЗ ОЧГАНЛАР НАҚАДАР БУЮК…

Бирга яшар эдик, кўзим эди кўр,
Бир бор кўрганим йўқ азизларимни.
Кўзим очилганда бари бирма - бир
Ўтганди, топмадим бир изларини…

Қулоғим кар эди, тингламаганман -
Биронтасининг ҳам бирон сўзини.
Эшитмадим - демак - англамаганман
Менга жон куйдирган жонсўзлигини.

Эсим оғган эди, йўқ эди бошим,
Калласи кесилган мол бикин эдим.
Эсим кирганида ўтганди ёшим,
Ўтганди азизлар, қора ер еди…

Қулоғим очилди, энди ҳеч қачон
Улар айтолмайди ҳатто бирон сўз.
Қулоғимни тешар мен чеккан фиғон,
Калламга киргандай ўқлар изма - из…

Бир тўйиб боқсайдим, қолмаган ҳеч ким,
Мен кўра бошладим - барини кўмгач…
Соғина - соғина йиғлайман юм - юм,
Юмиқ кўз очилди улар кўз юмгач…

Бошим бор,бошимга қўяман десам,
Мени бошларида ўстирганлар йўқ.
Эсиз, кеч кирган эс ўлдирар эрта,
Эрта кўз очганлар нақадар буюк?!

2022 йил, 3 ноябрь.

* * * * *

Чақалоқ довчалардай етилар секин - секин,
Кўклами - болалиги, ёшлиги - ёзи бикин.
Пишган мева тез чирир, эс кириб, кўз очилгач -
Етилиб пишган чоғда узоқ яшатмас - ойдин…

2022 йил, 8 ноябрь.

* * * * *

Кечир, Тангрим,буюк дўстим, гарчи жондан дўстпарастман,
Висол чоғи оташида оташдирман, ўтпарастман.
Жўшим Ўзингдан ҳар йўлда бетинимдир ва мангудир,
Оёғида Оёғийман, кечир, ҳатто бутпарастман…

2022 йил, 8 ноябрь.

* * * * *

Ҳазил.

Сулув, тотинг ўткир - оташ тир, тирлар,
Бошдан - оёғимни поралаб борар.
Энг зўр ширинликлар ёради тилни,
Тотинг тоғу тошни, суякни ёрар…

2022 йил, 7 ноябрь.

Ичи қорадан қорароқ -
Ола - оладан олароқ.
Номард, кўйимсани кўринг:
Қорни юзидан тозароқ…

2022 йил, 7 ноябрь.

Худо урган бўлса - бўлса зоти паст,
Ҳатто эмчига ҳам сўйламайди рост:
Оғзим оғриди дер орти оғриса,
Чуқур этиб бўлмас - пушт қони сайёз…

2022 йил.