14 October 2022
20:21 - Юсуф Жума: ТИЛИМ УЗУН - ТАНГРИ ТИЛИ, ҚЎЛИМ УЗУН - ТАНГРИ ҚЎЛИ, ЙЎЛИМ ТЎҒРИ - ТАНГРИ ЙЎЛИ…

Кимнингдир йўли бўлмаса,
Унинг тўғри йўли бўлдим.
Кимнингдир ўғли бўлмаса,
Унинг таянч ўғли бўлдим.

Ноҳақликка йўлиқса ким -
Қалқон бўлдим, турмадим жим,
Бўлса кимнинг кўнгли ярим,
Унинг бутун кўнгли бўлдим.

Балки кичик, балки катта,
Ёвузлик - хон ҳар давлатда,
Бўлса кимнинг қўли калта,
Унинг узун қўли бўлдим.

Мени сотмагани йўқдир,
Тошлар отмагани йўқдир,
Гарчи эрхўр - кўзи суқдир,
Номард элнинг эли бўлдим.

Чироқсизга бўлдим - чироқ,
Ёлғизларга очдим қучоқ,
Чўкаётганга бошим - тоғ,
Чанқоқларнинг сели бўлдим.

Тутқунликда тутқунларга -
Айландим кунли кунларга -
Кун бермадим қузғунларга -
Лочинларнинг феъли бўлдим.

Эр,бўл ўгитимда ўтроқ,
Чинни айтган - мангу байроқ,
Қандоқ бўлсам - бўлгин шундоқ,
Тилсизларнинг тили бўлдим.

Тилим узун - Тангри тили,
Қўлим узун - Тангри қўли,
Йўлим тўғри - Тангри йўли,
Йўлимда бўл - йўли бўлдим!!!

2022 йил, 11 октябрь.

Одамзотга энг қисқа ва энг улуғ дарслик!

Отангга не яхшилик этдинг,
Ёз - десалар, мен ер чизаман.
Онангга не яхшилик этдинг,
Ёз - десалар, мен ер чизаман.

Сенинг учун ўртанганлар бор,
Сендан нима кўрди дўсту - ёр,
Ярадингми бўлганида хор,
Ёз - десалар, мен ер чизаман.

Нима қилдинг элу - юртингга,
Ҳар кун сўра - ўзингдан, толма.
Мендек ёнма пушмон ўтида,
Эй дўст, мендек ер чизиб қолма…

2022 йил, 9 октябрь.

Шулар…

Бурундан беш -ўнга ёғдиргандим шон,
Жанг бўлса, бўлар деб шулар қаҳрамон.
Шулар сотқин чиқди - барчадан бурун,
Инсонни мақташда шошилган - нодон.

2022 йил, 13 октябрь

Гарчи сотқин эди, лек бўлса имкон
Ҳақни айтар эди, ўтди, мен гирён.
Боқ,эл қанчалик паст - шундайлар ҳам йўқ,
Шундайлар ҳам армон, юрт - ёнган ўрмон…

2022 йил, 13 октябрь.

Менга ўз юртимда барча эди ёт,
Ёт юртда барча ёт бўлмасми, ҳайҳот.
Энг тиқис - зич нарса очунда ётлик,
Энг сийрак нарсадир очунда дўстлик.

2022 йил, 13 октябрь.

Байрам.

Улуғ Абдурайим Пўлатга.

Хавотирим ўртайди - дўстдан бўлмаса дарак,
Дарак берса - байрамим - ушалар улуғ тилак!
Ҳар куним байрам бўлсин, Тангрим, бўлгин хабардор,
Ушалмас тилаклардан - ушалиб битар юрак…

2022 йил, 13 октябрь.

Хотирам чексиз ёмон - ўзимнинг эиёнимга,
Ўзимни унитаман, ўзгалар фиғонида.
Бошқалар хотираси бундан ҳам ёмон, фарқ не -
Ўзгаларни унитар, ўзининг давронида…

2022 йил,12 октябрь.

Бетин ишлар экан қулларинг, нечун
Барининг бошига урасан бетин?
Тентак бўлсин, оз ер, ўз тезагини
Ўзи еб тўяди, ишлайди текин…

2022 йил, 9 октябрь.

Нечун ерга юкин деб айтган Тангри,
Диндор боши бўлмас - Ўзидан айри.
Ер юзи -Туроним, ерга бош эгсам -
БируБор еримга бош урар - майли…

2022 йил,9 октябрь.

Ариқнинг тўлқини ариқда қолар,
Денгизнинг тўлқини кўкка чанг солар!
Юракдан юракнинг фарқи шунчалик,
Юрагим кўшкидан Тангрини олар!!!

2022 йил, 10 октябрь.

Қўлладинг - кучинг билан подшоларни синдирдим,
Ўгит бердинг, БируБор, доноларни синдирдим.
Лек синдира олмадим - чексиз нодонлигимни,
Десайдим - бошимдаги балоларни синдирдим.

2022 йил, 11 октябрь.

Серилонли жар ўзандан бетин - доимо
Сел оқса ҳам, сой оқса ҳам, оқса ҳам дарё,
Холи бўлмас - илонлардан, аждаҳолардан,
Инсон ҳам шу - сабоқ билан ўзгармас асло.

11октябрь, 2022 йил.

Сулув - оғу, оппоқ оғу, чиройи - кўркидир бол,
Қанча қўшган бўлса - шунча адаштирар бемалол.
Тоза бол деб, роса тотиб, сўнгги йўлга отландинг,
Қутлуқ бўлсин - ёғоч отинг, манзил яқиндир, от сол!

2022 йил, 11 октябрь.

Узундан - узун бир улкан аждаҳо,
Бошдан - оёғи бош, бош - оёғ калла.
Изма - из юриб ер мени доимо,
Ҳар олов оғзида мендан бир тилка.

Ҳар қадамим - боши, юрсам кетма - кет
Боши кўпаяди биттага, эвоҳ.
Аждар - умр йўлим, пушаймоним - ўт,
Адашган гумроҳман, адашган - гумроҳ.

Бирон бир одимни отмабман тўғри,
Тилакка тескари юрибман узоқ.
Дўст, мендай яшама - эсингдан айри,
Йўлинг оқ бўлмаса - бахтинг бўлмас оқ…

2022 йил. октябрь.