23 September 2022
13:32 - Россиянинг қўшни мамлакатлар билан чегараларида кўп километрлик навбатлар юзага келибди
Кетаётганлардан армияда хизмат қилган-қилмагани сўралмоқда.

21–22 сентябр кунлари ижтимоий тармоқларда Россия чегара пунктларида, асосан Грузия, Қозоғистон, Мўғулистон ва Финландия билан чегарада автомобил тирбандликлари юзага келгани акс этган кўплаб видеоёзувлар ҳамда суратлар тарқалди. ОАВ ва телеграм-каналлар буни РФ президенти Владимир Путин томонидан 21 сентябр куни эълон қилинган сафарбарлик билан боғламоқда. Чегарада аввал ҳам кўп километрлик навбатлар кузатилган, аммо сўнгги кунларда бу муаммоли ҳолатга айланди.

Масалан, Грузиядан қуйидаги хабарлар келмоқда.

Россия ва Грузия ўртасидаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пункти орқали 22 сентябр куни соат 12:00 ҳолатига 10 соатда ўтиш мумкин бўлган, грузиялик блогер Николай Левшицнинг айтишича, 21 сентябр куни бу муддат уч соатни ташкил этаётганди. «Эхо Кавказа» («Озодлик радиоси» лойиҳаси) «Верхний Ларс»да автомобиллар тирбандлиги акс этган видеоларни тарқатди.
Чегарани автомобилда кесиб ўтиш кўп вақт олади, пиёда кесиб ўтиш эса мумкин эмас, шу туфайли россияликлар бу иш учун самокатлар сотиб олишмоқда.

Шимолий Осетия ФВВ 22 сентябр куни «назорат-ўтказиш пунктлари штат режимида ишлаётгани»ни маълум қилди.

Масалан, Қозоғистондан қуйидаги хабарлар келмоқда.

Гувоҳларнинг суратларига кўра, Оренбург областидаги «Маштаково» пунктида ҳам (Самарадан 190 километр масофада) кўп километрларга чўзилган навбатлар юзага келган. Кўплаб одамлар чегарагача таксида етиб олишмоқда ва чегарадан пиёда ўтишмоқда.

Тольяттида яшовчи россиялик Қозоғистоннинг «Мой город» нашрига берган интервьюсида «сафарбарлик эълон қилиниши биланоқ» мамлакатдан кетишга қарор қилгани ҳақида айтган. Челябинск областидаги «Бугристое» пунктида ҳам навбатлар юзага келган, бу ҳақда BBC рус хизматига чегарадан ўтиб келган россияликлардан бири айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, асосан ёш йигитлар ўтирган 100 дан ортиқ автомобилни кўрганини айтган.

23 сентябр куни Қозоғистон чегара хизмати Россия билан чегарада республика ҳудудида кириб келувчи хорижликлар сони кескин ошгани ва қатор назорат-ўтказиш пунктларида транспорт ва йўловчилар оқими ошганини маълум қилинибди.