18 август куни Украина ғарбидаги энг хавфсиз вилоятлардан бири бўлиб қолаётган Лвивда катта дипломатик учрашув ўтказилди. Украина президенти Владимир Зеленский Туркия етакчиси Ражаб Эрдўған ва БМТ Бош Котиби Антониу Гутерришни қабул қилди. Уч томонлама учрашувда асосий масала Украина – Россия музокаралари ҳамда Запорижжя АЭС атрофидаги кескинлик бўлди.
Сиёсатчиларнинг қўшма матбуот анжуманида Туркия Президенти Ражаб Эрдўған Анқара Украина томонида бўлишини айтди. Туркия НАТОнинг бошқа аъзоларидан фарқли ўлароқ Россия билан алоқаларни узгани йўқ, иқтисодий санкцияларга ҳам қўшилмади. Аммо Украинага қарши агрессияни қоралаб, рус кемалари учун Қора Денгиздаги бўғозларни ёпиб қўйди. Анқара уруш ҳолатида бундай қилишга ҳақли.
Анжуманда Ражаб Эрдўған ҳам, Антониу Гутерриш ҳам музокараларнинг зарурлигини таъкидлашди. Украина президенти эса Россия билан фақат руслар эгаллаб олган жойларидан чиқиб кетсагина музокара ўтказиш мумкинлигини айтди. Ражаб Эрдўған тез фурсатда асирларни алмашиш бўйича Россия президенти билан келишишга уриниб кўришга тайёр эканини айтди. Шунингдек, Ражаб Эрдўған Лвивдаги учрашув якунларини Владимир Путин билан муҳокама қилишини таъкидлади.
Истанбулдаги келишувда воситачилар иккита шартнома имзолашди: Россия билан алоҳида, Украина билан алоҳида. Шундан кейин Украинадан дон маҳсулотлари экспорти тикланди. 18 август ҳолатига кўра Украина портларидан дон ортилган 25 та кема сузиб кетган. Антониу Гутерриш БМТ қишда дон ортилган янада кўпроқ кемалар денгизга чиқишига ёрдам беришини айтди.
Украина президентининг ёзишича, Антониу Гутерриш билан украиналикларнинг ноқонуний ва мажбурий депортация қилиниши, украина ҳарбийлар ва тиббиёт ходимларини асирликдан озод қилиш масаласи ҳам гаплашган.
Владимир Зеленский мулоқот давомида асосий эътибор “Россиянинг Запорижжя АЭСида қилаётган ядровий шантажи”га қаратилганини ёзди. “Агрессор билиб туриб амалга ошираётган бу террор глобал миқёсда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабаб БМТ бу стратегик объект хавфсизлигини, АЭСдан қуроллар ва рус аскарлари олиб чиқиб кетилишини таъминлаши шарт”, деб ёзибди Владимир Зеленский ўзаро учрашув ҳақида.
Владимир Зеленскийнинг расмий сайтида ёзилишича, у БМТ Бош Котиби билан Халқаро Атом Энергияси агентлиги миссияси Запорижжя АЭСига кириши тартибини муҳокама қилиб, халқаро миссия босқинчилар назоратида бўлмаган Украинанинг озод ҳудуди орқали амалга оширилиши керак эканини таъкидлаган.
Россия томони Украина АЭСни ўққа тутаётганини иддао қилиб келади, украинлар эса руслар босиб олган шаҳарларида жойлашган АЭСни ўзлари ўққа тутаётгани, шу тариқа Украинани АЭСдаги энергиядан узиб қўйишга асос қидиришаётганини билдирган.
Владимир Зеленский Лвивда Туркия Президенти ва БМТ Бош Котибини қабул қилган куни Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги Запорижжя АЭС атрофини демилитаризация қилиш имконсиз экани, бу вазиятни янада ёмонлаштиришини айтди. 18 август тонгида эса Россия Мудофаа Вазирлиги Украина Гутерриш ва Эрдўғаннинг ташрифи вақтида гўёки АЭСга ўт очиб провокация қилиши ҳақида ёзганди.
Владамир Зеленский Ражаб Эрдўған билан мулоқот ҳақида ҳам тахминан юқоридаги гапларни ёзди. Унинг сўзларига кўра туркиялик ҳамкасби билан “донни олиб чиқиш жараёнини соддалаштириш”, “Россиянинг украин донини ёппасига ўғирлаётгани”, шунингдек, “Россиянинг Запорижжя АЭСдаги ядровий шантажи” ҳақида гаплашган.
Владимир Зеленский Ражаб Эрдўған билан ҳарбий ҳамкорлик масаласида ҳам гаплашганини таъкидлади, аммо айнан қандай кўринишда эканига ойдинлик киритмади. Аввалроқ Туркиянинг “Baykar” компанияси “Bayraktar” дронларини Украинага ҳам ишлаб чиқариши мумкинлиги айтилганди. Владимир Зеленский Туркия президентининг мамлакатга ташрифи “қудратли давлат томонидан қўллаб-қувватловни ифодалаши”ни айтди.