10 August 2022
18:30 - Сенат Олий Cуд ва Конституциявий Cуд судьялиги учун юқоридан туширилган номзодларни тасдиқлабди

10 август куни видеоконференсалоқа тарзида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлисида президент Шавкат Мирзиё томонидан тақдим қилинган номзодлар бу лавозимларга тасдиқланибди.

Хусусан, Олий Суд раиси лавозимига Бахтиёр Исломов номзоди тасдиқланди.

Маълум қилинишича, Олий Суд раиси лавозимида ишлаб келган Козимжон Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган. Сенат ялпи мажлисида уни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти томонидан тақдим этилган Конституциявий Суднинг янги таркиби Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланган номзодлар юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Бунда янги сайланган таркиб Конституциявий суднинг амалдаги таркиби ўз фаолиятини якунлаганидан сўнг ишга киришиши белгиланди.

Сенат ахборотида Конституциявий Суд судьялигига сайланган шахсларнинг исм-фамилиялари келтирилмаган.

Конституциявий Суд Судьялигига президент томонидан қуйидаги номзодлар тақдим қилинган экан:

- Балкибаева Жанагул;
- Ғафуров Асқаржон;
- Давлетова Кароматжон;
- Исмайлов Рахат;
- Раҳимов Абдуманноб;
- Раҳмонов Акмал.

Шунингдек, саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимидан кетган Олий Суд раиси Козимжон Комилов Конституциявий Суд Судьяси лавозимига тақдим қилинганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Конституциявий Судига 2021 йил февралидан буён Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раислик қилиб келаётганди.