08 August 2022
17:38 - Марказий Банк бизнес кайфияти шарҳини эълон қилди, чунки, иш сўраб келувчилар кўпайибди
Таҳлиллар бизнес муҳити бирмунча яхшиланганини кўрсатмоқда. Тўлиқ фаолият юрита олмаган тадбиркорларнинг муаммоси ёқилғи қимматлиги ва хомашё етишмовчилиги бўлибди.

Марказий Банк 2022 йил II чораги бўйича бизнес кайфияти шарҳини эълон қилди. Унда бир қанча аҳамиятли жиҳатни кўриш мумкин.

Бошқаларнинг фикрига кўра, республикада 2022 йилнинг II чорагида тадбиркорлик шароитлари ўтган чоракка нисбатан бирмунча яхшиланди. Бунда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида бизнес шароитлари яхшиланганини таъкидлаган респондентлар улуши ўртача 53,5 фоизни ташкил этиб, аввалги чоракка нисбатан сезиларли даражада ўсиш кузатилди (I чоракда ушбу кўрсаткич 28 фоизга тенг бўлган).

Ушбу даврда кўплаб соҳалар, жумладан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, умумий овқатланиш ва ташиш кабиларда мавсумий фаоллик жонлангани кузатилди.

1. Иқтисодий фаоллик бўйича ҳамма нарса яхши. Масалан, 2022 йилнинг II чорагида энергия истеъмоли кўпайганини таъкидлаган тадбиркорлар улуши ортиб, 43 фоизни ташкил этди (I чоракда 37 фоиз). Юк ташиш ҳажмида ҳам ўсиш кузатилган бўлиб, юк ташиш ҳажми ўсганини таъкидлаган бизнес вакиллари улуши 39 фоизга тенг бўлди (I чоракда 30 фоиз).

2. Бандлик. Ўрганилаётган даврда тадбиркорларнинг қўшимча ишчи кучига бўлган талаби жонлангани кузатилди. Бунда, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшимча ишчи кучига бўлган талаб ошган. Айни пайтда, ушбу даврда бизнес вакилларидан иш сўраб келувчилар сонида ҳам ўсиш кузатилган. Хусусан, ишлаб чиқариш, фан-таълим, тиббиёт, қурилиш ва хизмат соҳаларида иш қидирувчилар сони кўпайган.

3. Пул-кредит системаси. I чоракда бизнес вакилларининг қарийб ярми чорак давомида қарздорлиги кўпайганини таъкидлаган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этди.

4. Кутилмалар. Умуман олганда, бизнес вакилларининг яқин истиқболдаги кутилмалари яхшиланиб бормоқда. Хусусан, келгуси 12 ой ҳамда яқин 3 йилда мамлакат иқтисодиёти ҳамда бизнес истиқболларини ижобий баҳолаган иштирокчилар улуши ўртача 66 фоизни ташкил этди (I чоракда 58 фоизга тенг).

5. Салбий омиллар. Таҳлиллар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида солиқ маъмурчилиги, маъмурий аралашувлар ҳамда инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ишбилармонлик фаолиятига салбий таъсир этувчи омиллар сифатида қаралган.

Водий вилоятларида эса ҳалигача мавжуд монопол корхоналар, истеъмол ва хомашё товарларини импорт қилишдаги чекловлар ҳамда божхона тарифлари юқорилиги, шунингдек, логистика ва инфратузилмадаги қийинчиликлар тадбиркорлик фаолиятини чекловчи омиллардан экани билдирилди.

Жиззах ва Сирдарёда эса газ ва электр таъминоти ёмонлашиши, маъмурий аралашувлар, монопол корхоналар кўлами ортиши ҳамда йўллар инфратузилмасидаги муаммолар салбий омиллар сифатида қаралган.

Бухоро, Самарқанд ва Навоийда солиқ маъмурчилиги билан боғлиқ масалалар, маъмурий аралашувлар кўпайиши ва кредит олишдаги муаммолар тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир қилувчи омиллар сифатида келтирилган.

Хуллас, аҳвол шунақа. Кўрамиз, бу йил аҳвол қандай ўзгаради. Мана шунга қараб иш олиб бориш керак.