02 August 2022
01:16 - Юсуф Жума: ҚОРАҚАЛПОҚ ҚИРҒИНИ - АМЕРИКАНИНГ ИШИМИ?!

Ш.Мирзиёев Нукусдаги қилмишидан кейин четдан
аралашув борлигини айтди.
Ўзбекистонда Кремль тузган қўнғирчоқ пирсиён
давлатининг яна бир пирсиёни В.Норов Москвада
шу даъвони такрорлади.
Кремлда четдан аралашув тўғрисида сўз бордими -
демак чет дегани - Ғарб - энг биринчи ўринда Америка
демакдир - бу аксиома - бу Путинга ялтоқланиш -
сотқинликдир.

Ишламайдиган конститутсияни ўзгартир деб Ш.М.га
АҚШ йўл кўрсатдими?!
Нукусдаги қонхўрлик - КГБ ва унинг малайлари - Ш.М ва
куч идораларини “зам” бўлиб бошқарадиган
қудачаларининг қилмишидир.

Қорақалпоқ қирғини - бутун Ўзбекистон элига Ш.М.нинг
кўрсатмали сабоғи:
-Кўриб қўй, мен истаганимча президент бўламан,
кўчага чиқсанг, ғинг десанг, мана шундоқ қонингни ичаман…

“Озодлик” радиосининг ўзбек бўлими конститутсияга қорақалпоқлар
ҳақидаги тузатишларни Ш.М.нинг ёнидаги
сўтакдан чиққан деб КГБ фойдасига ишламоқдалар.
Сўтаклар -“ ПАПА” Ш.М.нинг пора терувчи югурдаклари холос..
Тарихдан, диндан,ор - номусдан бехабар Ватанфуруш емхўрлар…
Ўзбек тилига тупуриб, ўрисча гаплашадилар, ўрисча ёзадилар..

Ўрисники ялайдилар…
Биронтасида номус бўлса, айтсин-чи,
номуссиз “папа” нечун ўрис босқинчиларига ёдгорлик тиклатди?!..
Бесаноқ бебаҳо конларнинг бойликларини нега ўрислар сотаяптилар?!
“Озодлик”дагилар шуларни сўрасалар бўлмайдим?!

Номуссиз ўзбеклар шу номуссизларга кўниб ўтирибдилар,
шу боис бошларига Улуғ Тангрининг қарғишлари ёғмоқда.
Бошларидаги номуссиз пирсиёнлар на қорақалпоққа,
на ўзбекка, на туркманга… дўстдирлар - барча турк элларининг
душманларидирлар …

Вале бир ҳақиқатни Ш.М. унитмасин -
Тангрининг кучига ишониб айттаманки, Ш.М. Путин берган
курсида ўлишга улгурмайди - қора курсида жавоб беради.
Қозоқларни ўрисга оттирган кунти Тўқаев ҳам.
У ҳам четни айблади.

Айримлар сотқин Тўқаевни Кремлга исён этган қаҳрамонга
чиқармоқда - ҳатто баъзи ғарбликлар ҳам - ғирт нодонлик.
Нима деган бўлса, эртага нима деса, бари Путин кўрсатмаси билан - бурун ёзганман.
М.О.га келаётган ширкатларнинг бари Кремль манфатларига ишлайдилар…

Ўзбекистон оқаётган рубллар мардикорлар пули эмас,
Ўзбекистонга келаётган ўрисларнинг пуллари, бу ўрислар
Москва манфаатларига ишлайдилар, талон юртни талайдилар,
санксияларга тупурадилар - барининг бошида сотқин Ш.М.
ғамхўрлик қилмоқда

Мени айримлар америкапарастликда айблайди ва
Америкага адвокатлик қилма -дейишади.
Америка менинг оқлашимга зор эмас - ўзини оқлашга
ақли ҳам, эзгулиги ҳам, кучи ҳам етарли -
Украинага шунчаки тўрт дона қуроли борди - ўрис талвасага тушди…

Мен озодликнинг, ҳақиқатнинг - Улуғ Тангри йўлининг оқловчисиман.
Ҳатто АҚШ дай адолатли ва эркин юртдаги камчиликларни ҳам
Америкалик дўстларимнинг юзига айтиб тураман, ёзаман ҳам…
Америкада яшаш учун Американи мақташ шарт эмас,
АҚШ танқидни яхши кўради - ўз камчиликларини тузатиб
боради - юксалиб боради…

Тушунтириш хати.
Ҳазил.

Хотинига ярамади,
Юраги шимол қишидир.
Гўзалига қоралади:
Американинг ишидир!

Дилдори дер - музлоқсизку,
Бутун умр шундоқсизку?!
Эр дер - ахир адоқсизку -
Американинг ишидир.

Ёри кетди - ўзга билан.
Ўйлар чуқур - чуқур - теран,
Жононим эмасдир тубан,
Американинг ишидир.

Эр ҳам эрга тегиб кетди,
Элу хешни ҳайрон этди,
Тушунтириш хати битди:
Американинг ишидир.

2022 йил. 21 июль.

* * * * *

Ноўрин эрклардан топталмасин ор.

Биров дуч келганни отиб яйрайди,
Шуми Америка, шуми Озодлик ?!
Кимгадир тикилсанг - полис қамайди ,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Текшир - текширлардан юрак яйланар,
Жигаринг ямланар, умринг ямланар,
Назорат аталган томсиз турмалар,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Ортиқча ўсдими - ҳовлингда майса,
Ҳар майса бошида бир қўшин кимса,
Уйингдан айрилиб қолдинг - алқисса,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Ноўрин эрклардан топталар номус,
Сулувга ёридан кучуги азиз,
Уйда эрнинг ўрни - учинчи, эсиз
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Барча бир - биридан қўрқиб яшайди,
Арслон мочадан ҳуркиб яшайди,
Лочинни макиён чўқиб яшайди,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Уйингнинг устидан ўтар темир йўл -
Туну - кун зилзила, ўлмасанг соғ бўл,
Лекин тўлаб қўйгин гўринг учун пул,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Бир қўрада яшар қуёну қоплон,
Қўрабоши бўлар кўпинча қуён,
Нор билан эшакка бир турли имкон,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Кимдир тиржаяди, очади қучоқ,
Кўнглинг жўшиб кетар - атайсан иноқ ,
Қамоқда англайсан - жон дўстинг - қулоқ,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Авлодлар ўсмоқда - жинси номаълум,
Тангрига қаршининг эртаси маълум -
Гар осмон бўлса ҳам қулашга маҳкум,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Токи топгунича тариқча фойда -
Тоғдай киши бўлар тариқдай майда,
Тоғдай тўлов келар, адолат қайда?!
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Бу очунга керак сотқин билан қул -
Тўйиб ош ейишни - бахт билганлар - гўл,
Учмоқ деб ардоқла - гарчи сўнгги йўл,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Зинҳор байроқ эмас - кўкдаги латта,
Ота ҳам, она ҳам, байроқ ҳам - битта -
Фақат манфаатдир - Тангри албатта,
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

Ҳар юрт - энг сўнгги йўл, қай бири ўпқон,
Қай бири тубсиз жар , қай бири тўфон,
Бу - тўлов қоғози - баридан равон -
Шуми Америка, шуми Озодлик?!

2022 йил. 31 июль.