Гулнора Каримовага алоқадор экани тахмин қилинаётган Ҳонгконгдаги ҳашаматли пентҳаус у қамоқда бўлган пайтда 68,4 миллион долларга, 285 фоизлик фойда билан қайта сотилгани айтилмоқда. Криминолог буни “клептократиянинг одил суддан қочиб қутулиши билан боғлиқ дунёдаги энг машҳур кейс” деб таърифламоқда.
2008 йилнинг сентябр ойида Гулнора Каримовага тегишли бўлгани айтиладиган Zeromax компанияси Ҳонгконгнинг энг жозибали ва қиммат ҳудуди бўлмиш Ковлун марказида жойлашган Тhe Arch мажмуасидаги ҳашаматли пентҳаусни 36,6 миллион долларга сотиб олган.
Орадан 3 ой ўтгач, ушбу кўчмас мулк Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган, Гулнора Каримованинг жиноий шериги Рустам Мадумаровга алоқадор кўрилган Rudolph Alliance компаниясига катта чегирма билан қайта сотилган.
Бу ҳақда Ҳонгконг ер реестри ҳужжатларига таянган ҳолда хабар тарқатган Канаданинг The Globe and Mail нашрига кўра, 2016 йилда Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаровлар қамоқда бўлишига қарамай, пентҳаус 68,4 миллион долларга, 285 фоизлик фойда билан яна сотиб юборилибди.
Ирландиянинг Олстер университети профессори, криминолог Кристиан Ласслет мазкур сотувни “мутлақо ақл бовар қилмайдиган” ва “клептократиянинг одил суддан қочиб қутулиши билан боғлиқ дунёдаги энг машҳур кейс” деб таърифлаган.
Эслатиш керакки, Клептократия – давлат ҳокимиятидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланилишига асосланган сиёсий тузум.
Маълумот учун, Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган экан. Қонунчиликка мувофиқ, жазо муддати 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланган.
2020 йил майида Ўзбекистон ҳукумати Франциядаги қиймати 10 миллион долларга баҳоланган, Гулнора Каримовага алоқадор активларни қайтариб олганди. 2020 йилнинг июнь ойида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.
2020 сентябрда эса Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳисобрақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берган экан.
2022 йил февралига келибгина Швейцария ва Ўзбекистон музокараларида силжиш бўлди: томонлар қайтарилган маблағларнинг Ўзбекистон халқи фаровонлиги учун ишлатилишини назорат қилиб бориш мақсадида БМТ шафелигида халқаро траст фонди тузишга келишишибди. Ва ўша ХАЛҚАРО ТРАСТ ФОНДИ тузилибди. Мана, сизга натижа!!!