Ўзбекистоннинг янги хўжайини Шавкат Мирзиё Президент “Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолабди.
Нимамиш, пойтахтдаги жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл Харитаси”га кўра, Тошкент шаҳрида мавжуд барча чорраҳаларни йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимига интеграция қилиш режалаштирилмоқдамиш.
Бунда, қуйидаги амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилармиш:
- тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда чорраҳаларни ўрганиб чиқиш;
- мавжуд 605 та чорраҳанинг барчасига замонавий махсус автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларини ўрнатиш;
- 494 та чорраҳага ўрнатилган барча махсус автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларини йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимига интеграция қилиш.
Шу билан бирга, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини янгилаш ва кўчаларда йўл ҳаракатини ташкил этиш мўлжалланганмиш.
Бунда қуйидаги амалий чора-тадбирлар амалга оширилармиш:
- йўл ҳаракатини ташкил этишнинг мавжуд техник воситаларини тўлиқ хатловдан ўтказиш;
- биринчи навбатда етишмайдиган 14 мингта йўл белгисини ўрнатиш ва эскирган 15 мингтасини алмаштириш, 3 мингта йўл белгисини тиклаш, 11 мингта янги йўл белгиларини ўрнатиш;
- шаҳарнинг барча кўчаларига йўл чизиқларини чизиш;
- 55 та янги светофор қурилмаларини қуриш.
Хуллас, кўриб турибсизки ҳурматли ўқувчиларимиз, бу қуруқ сўзлардан иборат ҳужжат. Шу имзоланибдими, демак, бизда ҳамма нарса ДАБДАЛА!