10 February 2022
22:48 - Абдураҳмон Ташанов: Ислоҳот ҳақида гапирсанг, нега амалдорнинг пешонаси тиришади?

Сўнгги бир ой ичида 10 дан ортиқ мажлисларда қатнашдим. Тадбирларнинг аксарияти қийноқлар, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасида кечди.

Саволлар кўп: Нега иш юришмаяпти? Нега қийноқлар тўхтамаяпти? Нима учун судларда адолатсизлик? Ва ҳоказо... ва ҳоказо...

Прокурор асабийлашган, судьянинг қон босими юқори. Мелисанинг оҳидан чанг чиқади, депутатлар мулзам. Ҳоким фуқаронинг юзига қарай олмайди. Фуқаронинг мушти тугилган. Раҳбарлар адолат талаб қилади.

Коррупцияга қарши кураш агентлигининг жамоатчилик кенгаши аъзосиман. Республикада конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя этилиши бўйича комиссия вакилиман. Бироқ биз бераётган таклифларни ўйлаш тугул ҳатто уни эшитишмаяпти ҳам.

Масалан, қийноқларнинг олдини олиш, уларни минималлаштириш учун жазони ижро этиш колонияларининг бир қисмини хусусийлаштириш керак, дедим. Хусусий ёки нодавлат қамоқхона хўжалик ҳисобида бўлади. Маҳкумлар ўзини ўзи боқади, ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Қайси қамоқхона мулозими ўзи ишлатаётган маҳкумни қийноққа солади.

Келинглар, илғор жамиятлар қилган ишни қилайлик, шундай қилсак, сизларга ҳам осон бўлади-ку, дедим. Қачонгача бошимиз таънадан чиқмайди, қачонгача зўриқиш билан ишлаймиз, дедим.

Жиноят қидирув соҳасида мустақил детективлар тизимини яратайлик, дедим. Ахир, детективлар тизими бўлса бу ҳукуматга ёрдам-ку. Тизим абадий двигатель сингари ўз ўзини бошқаргани яхши эмасми, дедим.

Изоляторга видеоаппарат қўйганингизга тасанно, лекин ёлғон детекорлар тизими, замоанавий криминалистика технологиялари хизматидан қачон фойдаланасиз, дедим.

Марказлашган, бюрократик тизимни деформация қилиш йўлидаги бундай қадамларни қачондир бошлашимиз керак эмасми, дедим.

Биргина пахта ва ғаллага нисбатан давлат режаларининг бекор қилингани соҳада мажбурий меҳнатнинг ўз-ўзидан йўқолишида самарали восита бўлмоқда. Ҳали тўлиқ ишга тушмаган бундай механизм такомиллашгач, мажбурий меҳнатнинг барҳам топишига замин яратади.

Тарихни эслайлик. Нега қулдорлик тузуми йўқолди?

Тушунишимча, иш берувчилар, инсоният одамни қул қилиб ишлатишдан кўра, у билан келишиш, унда меҳнатга нисбатан манфаатдорлик ҳиссини уйғотиш самарали эканини тушунишди. Бизникилар кишилик жамиятининг бундай илғор анъаналарини қачон тушунишади?

Қамоқхоналар бошқармаси раҳбарлари билан гаплашганимда биргина бу соҳадаги ҳуқуқий асослар, яъни тизимдаги маълумотларнинг давлат сиридан чиқарилгани қанчалик самара бергани, бу биринчи навбатда, тизим раҳбарларининг ишини енгиллаштиргани ҳақида гапирдим.

Ўзбекистон қамоқхоналар мамлакати, деган тавқи лаънатдан қутулгани, маҳкумлар сони биз тасаввур қилиб юрганимиздан кам эканини билиб енгил тортганимизни эслатдим.

Ички ишлар вазирлиги мулозимлари билан суҳбатда терговчиларнинг иш нормалари, уларнинг сутка давомида ҳаддан ташқари нагрузка билан ишлашини, бу эса ходимда зўриқишни келтириб чиқариши ва калланинг ишламаслигига олиб келишини ўйлаб кўринглар, дедим.

Ўтган галги постларимда нега илғор Европа ўтган асрнинг бошларидаёқ мустақил детективлар хизматини йўлга қўйгани туфайли жиноят қидирув фаолиятида зўриқишлардан халос бўлганини эслатдим.

Лекин расмийларимизнинг буни эшитиши билан пешонаси тиришиб кетади. Дарров бизнинг тергов тизимимизда зўриқиш йўқ, дейишга тушади.

Мажлислардан бирида Олий Суд судьяларидан бири судьялар қўлида ишнинг кўплиги, улар ҳатто суд ишларини кўришга жисмонан улгура олмаётганини гапирди.

Ҳақ гап, нега уларни маслаҳатчилар тизими, жамоатчилик ёрдами билан рағбатлантирмаслик керак?

Биз давлат бошқарувини қўлбола усуллар билан такомиллаштиряпмиз. Прокурор далага гўнг ташийди, мелиса пахта теримида ишлайди. Солиқ иш ўрни яратиши керак. Ҳоким кўча тозалайди.

Боз устига бу амалиётнинг турган битгани қонунларимизга зид. Натижада ҳеч ким ўз ишини қилмайди, самара ҳам ўзига яраша.

Келинг, ақлни ишлатайлик. Сарфлаётган кучимиз самарали бўлсин. Ҳамма қилган ишни қилайлик. Илғор мамлакатлар юрган йўлдан юрайлик. Жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш механизмларни жорий қилайлик, дегим келади.

Лекин сарлавҳада айтганимдек, бу гапларни эшитган амалдорларнинг пешонаси тиришади.

Оддийгина фуқаролик жамияти вакилиман, ҳеч кимга ақл ўргатмоқчи эмасман. Лекин тан олинг, ишларимиз юришмаяпти-ку! Демак, ўзгартириш керак, ўзгаряпмиз деб ўзимизни алдаш керак эмас!

Ёки биз шундай ёзиққа маҳкуммизми?

Abdurakhmon Tashanov
Facebook