28 January 2022
18:42 - Собиқ президент Нурсултон Назарбоев “Нур Отан” Партияси раҳбарлигини ҳам Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев йил бошидан буён иккинчи марта кўриниш бериб, ҳукмрон партия “Nur Otan” қурултойида иштирок этибди.

У партия раиси сифатида ҳаммага дарс берибди: “Қадрли партиядошлар, ҳурматли ватандошлар, “Nur Otan” Партияси мамлакатдаги асосий сиёсий куч ҳисобланади. Партия ривожланиши учун фуқаролар билан ишлаши, халқ ва ҳукумат ўртасида кўприк бўлишда давом этиши керак.

Охирги 1,5 йил давомида партия жиддий сиёсий ўзгаришларни бошидан ўтказди. Бу жараённинг охирги босқичи сифатида партия раҳбарлигини президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга топшираман. Бугун мамлакат президенти раҳбарлигида мамлакатда комплекс иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар ўтказилмоқда. “Nur Otan” бу ислоҳотлар амалга оширилишига фаол ёрдам бериши керак."

Шундай қилиб, Нурсултон Назарбоев навбатдаги сиёсий лавозимидан айрилиб, Хавфсизлик Кенгашидаги раисликдан ҳам кетиб бўлган эди. У ҳамон Қозоғистон Конституцион Кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Эслатиш керак, Нурсултон Назарбой 2021 йил ноябрь ойида бу партияни бошқаришни ҳозирги Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширишини эълон қилган эди. Мана у яна битта лавозимдан кетди.