21 January 2022
17:00 - Юсуф Жума: К У Н Л А Р И М! (Махтумқули ҳазратлари йўлида!)
Тангридан - ёғдудан бир ёғду улгу,
Ёғдуга ёнма - ён бўлган кунларим.
Ор - номусдан мангу бошпана - турғу,
Бир билан икковлон бўлган кунларим.

Ўзига эш этиб яратди мени,
Ўзига жўш этиб яратди мени.
Ёғду - оташ этиб яратди мени,
Ўзида намоён бўлган кунларим.

Энг эски Тангридир, энг эски менман,
Энг янги Тангридир, энг янги менман,
Энг мангу Тангридир, энг мангу менман,
Тангрида ҳар қачон бўлган кунларим.

Кўзидан кўз бериб ундирди мени,
Эсидан эс бериб ундирди мени,
Юзидан юз бериб ундирди мени,
Осмонларга осмон бўлган кунларим.

Ўзига айлади юрагимни кўшк,
Ўзимга очунни битиб берди - мулк.
Бас! -деди - борлиққа эгадирсан,ТУРК,
Борлиққа ТУРКХОҚОН бўлган кунларим.

Балчиқдан яратди Одам Атони,
Балчиқзода этди барча хатони,
Ҳақ дер - зурёдлари боши балонинг,
Балоларга қирон бўлган кунларим.

Одамдан тарқаган аёл додига
Чидолмай қўшилдим Ато зотига -
Гўзаллар зор эди - ўчмас ўтимга,
Оташларда инсон бўлган кунларим.

Кимнинг қонида йўқ ўтимдан учқун -
Демак - балчиқзода - ололмас очун,
Кимдаки ўтим бор - кўклардан устун -
Еру - кўкка султон бўлган кунларим!

Тангри ўпкасидан яратда қилич,
Ёйу - ўқ,сўнг деди - ишинг бўлсин - ЎЧ,
Ўчсиз на сен тинчсан ва на очун тинч,
Ўчда марди майдон бўлган кунларим.

Қилди динимни ўч, қилди жангни - бурч,
Дедики - энг аввал ҳикматдан сув ич,
Қанчалик интилсанг - мендан шунча куч,
Ҳар бир туким вулқон бўлган кунларим.

Дам урдим -кул бўлди ёғий қалъаси,
Ҳеч одам бўлмади Одам боласи,
Ўзи бир куйлагу кўкча оласи,
Ҳар тиним - ўт - тўфон бўлган кунларим.

Буткул тозаладим ернинг юзини,
Ўқ билан тўлдирдим ёвнинг кўзини,
Босдим бутун умр Тангри изини,
Эр Ўғизхон хоқон бўлган кунларим.

Уйидан шон учун чиқиб туну -кун,
Уйига шон билан қайтган - турк будун!
Уйидан ош учун чиққан - ёт - бедин
Ҳар изим - шараф - шон бўлган кунларим.

Малика Тўмарис қонимдан унди,
Ёв - ёғий қолмади - пирсиён синди,
Кир боши мешдаги хунида тинди,
Ғанимга беомон бўлган кунларим.

Валмаки - Тангрининг ҳикмат омбори,
Ўзида сийлади пок БируБори,
Ўгитдир Донишманд Вяснинг бори,
Санкрит - турк -достон бўлган кунларим.

Кимдаки қоним йўқ унмайди, зеро
Ўзгага Ўзидан сўз энмас асло,
Эсимга эндирди - қутлуғ Авесто,
Таврот, Инжил, Қуръон бўлган кунларим.

Ўч -энг қаттиқ ушлаш, отингдан тушма,
Очунни қаттиқдан қаттиқроқ ушла,
Ҳатто урвоғини олдирмай яша,
Атила - Одилхон бўлган кунларим.

Бир пайтда икки эр - аслида бир жон -
Жалолиддин Мирзо билан Чингизхон,
Тўкдим еру - кўкдан чандон оғир қон,
Еру кўким уммон бўлган кунларим.

Соғ қўлда олишга бу дунё тор деб,
Сўл қўлимда олдим - номус деб, ор деб!
Нима қилсам - қилдим бир БируБор деб,
Темур соҳибқирон бўлган кунларим.

Тинч - эмин бўлсин деб Тангрининг уйи,
Тириклай кўмдирдим ерга ёғийни,
Силкинади мангу юқори - қуйи,
Ёвга охирзамон бўлган кунларим.

Етим бола эдим - чиқдим майдонга,
Чериксиз бас келдим - тўққиз султонга,
Икки юз ботирим - ўлим милёнга,
Бола Бобурсултон бўлган кунларим.

Не боис улусни Тангри қарғади -
Сотқинлик кўлами элни қамради,
Етти қат ер чўкди, кўклар титради -
Шаҳид Дукчи Эшон бўлган кунларим.

Номоз ботир эдим, бошимни кесган -
Бошимда улғайган - бошимда ўсган,
Босқинчилар унди аҳли даюсдан,
Ўрисларга қирон бўлган кунларим.

Беҳбудий ўзимман, Қодирий ўзим,
Усмон Носир ўзим - кесилди сўзим.
Тангрининг олдида ёруғдир юзим,
Даҳо Фитрат,Чўлпон бўлган кунларим.

Иброҳимбекдирман, Мадаминбекман,
Милён - милён йиллик қадимий ТУРКман,
Ҳақда ҳақиқатман - номусман - эркман -
Орийман - ОРИСТОН бўлган кунларим.

Тангрига кўчдигу ер юзи носоз,
Инсоният ичра пуштим беш - ўн - оз,
Ўч бўлиб тушаман - мен - мангу қасос,
Армон - очун Турон бўлган кунларим.

2021 йил, 28 декабрь.

* * * * *