20 January 2022
21:35 - Ўзбекистон мактабларида 24 январдан онлайн форматга ўтиш расман тасдиқланибди
Халқ Таълими Вазирлиги жорийдаги йилнинг 24 январидан бошлаб мактаблар БИР ОЙ давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилибди.

Вазирлик хабарида шундай дейилган:

“Коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфининг олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб 24 январдан бошлаб мактаблардаги таълим жараёни бир ой муддат давомида онлайн шаклда олиб борилади.

Масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпания телеканаллари ҳамда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали бериб борилади. “Онлайн Мактаб”лойиҳаси доирасида бериладиган дарслар жадвали кунлик равишда “Онлайн Мактаб” телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини уйдаги хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаган ҳолда “Онлайн Мактаб” лойиҳаси доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўрайди.

Шу ўринда бугунги мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу вакцинация, шу боис сизлардан ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини ҳимоя қилиш учун вакцинация жараёнларида фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз”.

Хуллас, шунақа гаплар, дейди “Ҳаракат” мухбири. Бундай гаплар ҲАММА ЕРДА тарқатилаётгани жуда ҳам муҳим нарса. Бизнинг сайтимиз аллақачон шундай бўлиши ҳақида хабар бериб бўлганди. Кўрамиз, буёғи яхши бўлсин, ишқилиб!!!