Ўзбекистоннинг янги хўжайини Шавкат Мирзиё Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида фармацевтика соҳасига қўшимча равишда бошқа саноат йўналишларида тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига лойиҳаларни амалга ошириш ва янги иш ўринлари яратиш, "Термиз" Эркин Иқтисодий Зонаси фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида янги ФАРМОНни 21 декабрда имзолабди.
Фармонда айтилишича, Сурхондарё Вилояти Ҳокимлиги, Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг "Бойсун-фарм" Эркин Иқтисодий Зонаси ҳудудини (кейинги ўринларда - "Бойсун-фарм" ЭИЗ) "Термиз" Эркин Иқтисодий Зонаси (кейинги ўринларда - "Термиз" ЭИЗ) ҳудуди таркибига қўшиш ҳамда "Бойсун-фарм" Эркин Иқтисодий Зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасини тугатиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланибди ва келажак ишлар белгиланибди.
Бу қуруқ гаплардан иборат ФАРМОНДА "Бойсун-фарм" ЭИЗ бекор қилиниб, уни "Термиз" ЭИЗ деб аташ келишилади.
Энг қизиғи, "Термиз" ЭИЗ ҳақидаги бу ФАРМОНГА кўра, "Термиз" ЭИЗнинг ҳудудида, шу жумладан қўшиб берилган ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Шавкат Мирзиёнинг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилармиш.
Бундан ҳам қизиғи, мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Инвестициялар ва Ташқи Савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов ва Сурхондарё Вилояти Ҳокими Тўра Боболов белгиланибди. Фармон ижросини кузатиб бориш Бош Вазир ўринбосари Сардор Умурзаков зиммасига юкланибди.
“Ҳаракат”: Хуллас, бу навбатдаги МАСХАРАБОЗЛИК ҳужжатидир. Шундан бир нарса кутиш аҳмоқлик бўларди. Ҳали ҳам бўлса, ҳамма ўқувчиларимизга мурожаат қиламиз – бу ФАРМОН хусусидаги фикрларингизни билдиринг. Кўрамиз, амалда нима бўлади!?