11 December 2021
15:40 - Шармандалик: Ўзбекистон мулк дахлсизлиги таъминланмаган давлатлар рўйхатига киритилибди, аммо 139 давлат ичида 138-чи ўринни олибди. Бу шармандаликни Расул Кушербаев тасдиқлади!
“Ҳуқуқ устуворлиги” халқаро рейтингининг “Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслиги” субиндикаторида Ўзбекистон 139 та мамлакат ичида 138-ўринни эгаллагани эълон қилинди.

Ўзбекистон мулкларни суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мусодара қилиш бўйича рейтингда энг ёмон натижалардан бирини қайд этилгани кеча, 10 декабр куни президент фармонига зид равишда ЖОНЛИ эфирга узатилмасдан ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг йиғилишида айтилибди.

Йиғилишда депутатларга Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган “Ҳуқуқ устуворлиги” индексига доир маълумотлар тақдим қилинган. Бу ҳақда мард депутат Расул Кушербаев Telegram сайтида қуйидагича маълум қилибди:

«Депутатларга тақдим этилган маълумотларга кўра, Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган "Ҳуқуқ устуворлиги" индексининг "Қонунларга риоя қилиш" индикаторининг "Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслиги" субиндикаторида (2021 йил ҳисоботида) Ўзбекистон максимал 1 баллдан 0.25 балл билан 139 та мамлакат ичида 138- ўринни эгаллаган.

"Позор"!!!

Хусусий мулк дахлсизлиги бўйича халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг мана шу кулгули аҳволга тушишига ҳисса қўшган барча амалдорларга "рахмат"!»

Қаранг, ҳурматли ўқувчиларимиз, Расул Кушербаев ўз саҳифасининг номини ҳам ўйлаб ўтирмасдан, шундай қарорни эълон қилишдан ҳайиқмапти.

Нима ҳам дердик, “Офарин, Расул Кушербаев!” деймиз.