10 December 2021
22:42 - “Новая газета” Бош Муҳаррири Дмитрий Муратов: “Биз - яккаҳокимликка қарши доримиз”

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби Дмитрий Муратов мукофотни топшириш маросимида сўзга чиқди. У дунё демократияни ёмон кўриб қолаётганидан, қийноқлар ҳамон давом этаётганидан ташвиш билдирди, профессионал журналистика нима учун кераклигини эслатди.

2021 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россиянинг “Новая газета” нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ва филиппинлик тадқиқотчи журналист Мария Рессага “демократия ва барқарор тинчликка эришишнинг бирламчи шарти бўлган фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари” учун берилганди.

10 декабрь куни Дмитрий Муратов Нобел мукофотини топшириш маросимида нутқ сўзлади.

Мана ўша нутқнинг веб-сайтдаги варианти ва ўзбеча таржимаси:

kun.uz/news/2021/12/10/biz-yakkahokimlikka-qarshi-dorimiz-novaya-gazeta-bosh-muharriri-dmitriy-muratov

* * * * *

“Дунё демократияни ёмон кўриб қолди”

Дмитрий Муратов ўз нутқини Нобел мукофоти совриндори, академик Андрей Сахаровнинг: “Ишонч эркинлиги бошқа фуқаролик эркинликлари билан бир қаторда ривожланиш асоси эканига ишонаман... Тинчлик, ривожланиш, инсон ҳуқуқлари - бу уч мақсад бир-бирига чамбарчас боғлиқ” деган сўзлари билан бошлади.

- Сахаровнинг бу сўзлари бутун дунёга машҳур бу залда яна бир марта янграшини зарур деб ҳисобладим.

Бу нега биз учун, мен учун муҳим?

Дунё демократияни ёмон кўриб қолди.

Дунёнинг ҳукмдор қатламдан ҳафсаласи пир бўлди.

Дунё диктатура томон қадам ташлади.

Ривожланишга инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш билан эмас, технологиялар ва зўравонлик билан эришиш мумкин деган хаёлот пайдо бўлди.

Мана шундай эркинликсиз ривожланиш.

Мана шундай сигирсиз сут...

Диктатуралар зўравонлик қилиш учун ўзларига осон йўл топди.

“Қийноқлар инсониятга қарши энг оғир жиноят деб тан олиниши керак”

- Биз маҳкумлар ва маҳбусларга қарши қўлланаётган қийноқлар ҳақида тез-тез эшитмоқдамиз. Одамларни синдириш учун, ҳукм доирасидан ташқарида жазонинг шафқатсизлигини янада ошириш учун қийнашмоқда. Бу - ёввойилик.

Мен қийноқларга қарши Халқаро Трибунал ташкил этишни таклиф қиламан. Унинг вазифаси дунёнинг турли давлатларида қийноқлар қўлланиши тўғрисида маълумот тўплаш бўлади. Жаллодлар ва уларнинг бундай жиноятларга алоқадор хўжайинларини аниқлаш учун.

Биринчи навбатда, бутун дунёдаги суриштирувчи-журналистларга умид билдираман.

Қийноқлар инсониятга қарши энг оғир жиноят деб тан олиниши лозим.

“Ҳукуматлар ўтмишни яхшилайди, журналистлар эса келажакни яхшилашга уринади”

- Биз албатта тушунамиз: бу - барча ҳақиқий журналистлар профессионал ҳамжамиятига берилган мукофот.

Ҳамкасбларим пул ювиш технологияларини фош қилган ва бюджетга миллиардлаб ўғирланган пулларни қайтарган, офшорларни фош этган, Сибир ўрмонлари кесилишини тўхтатган. Ишимиз натижаси ўлароқ, давлат дунёдаги энг қиммат дорилар билан даволанишга муҳтож, камёб касалликларга чалинган болаларни даволаш бўйича “Новая газета”, “Эхо Москви”, “Дождь” ва бошқа ҳамкасбларимизнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Мен болалар ва орфан касалликларга чалинганлар тақдири боғлиқ бўлган фармсаноат вакиллари биз билан бир столга ўтиришига умид қиламан. Балки улар дори-дармонлар ва эрта диагностика-скрининг учун пул сарфлар?

Балки, бой дунё ҳали ҳаёт бўлган бир неча ўн минг болалар ва қизлар учун маблағ топар?

Биз бу мукофотни беморларга ёрдам бериш ва мустақил журналистикани қўллаб-қувватлашга тақдим этамиз...

“Қўрқинчлимасми?” - бу ҳамкасбларимга энг кўп бериладиган савол.

Бу - уларнинг вазифаси. Ҳукуматлар ҳар доим ўтмишни яхшилайди, журналистлар эса келажакни яхшилашга уринади.

Бу - бутун ҳақиқий журналистикага берилган мукофот.

“Биз - яккаҳокимликка қарши доримиз”

- Руслар ва инглизларда, бошқаларда мақол бор: “Ит ҳурар, карвон ўтар” - The dog barks, but the caravan goes on. Уни бундай изоҳлашади: карвоннинг олға ҳаракатланишига ҳеч нарса халақит бермайди. Баъзан ҳокимият журналистлар ҳақида шундай дейди. Улар ҳураверади, аммо ҳеч нарсага таъсир кўрсатолмайди.

Мен яқинда бу мақолнинг аксинча маънога эгалигини билдим.

Итлар ҳургани учун карвон олдинга юради.

Улар тоғлар ва чўллардаги йиртқичларга ириллайди ва ташланади. Улар карвонни кузатиб борганидагина олдинга юриш мумкин.

Ҳа, биз ириллаймиз ва тишлаймиз. Бизнинг қозиқтишларимиз ва чангалимиз бор.

Аммо биз - ҳаракатланиш асосимиз.

Биз - яккаҳокимликка қарши доримиз.

* * * * *