27 November 2021
20:33 - Тошкент Вилояти Ҳокимлиги Иқтисодиёт Бошқармаси ходимлари ярим кечагача ишда ўтиришибди, чегара йўқ!?
ИИВ Жазони ижро этиш департаментига қарашли Жазони Ижро Этиш Муассасасида ярим тунда ўтказилган селектор йиғилишидан қайтаётган уч нафар майор рутбали ходимларнинг йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этгани давлат ташкилотларида меҳнат қонунчилиги бутунлай издан чиқиб кетганини яна бир бор кўрсатиб берганди.

Шу хабар жамоатчиликка маълум бўлиши билан Тошкент Вилоят Ҳокимлигининг Иқтисодий Тараққиёт ва Камбағалликни Қисқартириш Бошқармасининг оддий бир ходимидан мурожаат тарқалди. Мана ўша мурожаатдан иқтибослар:

“Иш вақтимиз расман соат 9:00дан 18:00гача, аммо биз яқин 5–6 ойдан буён ишхонада 22:00, 23:00 ва айрим пайтлар тунги соат 1:30ларгача қолиб кетяпмиз.

Шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни эканига қарамасдан, ишга чиқишга мажбур қилишади”.

Расмий иш вақти тугагач, қилинадиган ишлар ҳам тугайди, лекин раҳбарлар ҳеч бир сабабсиз ходимларни иш жойида олиб ўтиради. Вақти келиб барча ходимлар ҳам руҳан ҳам жисмонан толиқади, дейилади ўша мурожаатномада.

Шунингдек, у ходимлар иш вақтидан кейин турли йиғилиш ва мажлисларга ҳам жалб этилар экан. Масалан, Вилоят Ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланган хабарномада “топшириқлар ижросини ҳимоя қилиш учун” 23 ноябр куни соат 18:00да Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасига етиб келиш сўралган.

Бу изоҳдан мантиқ излаб кўрилса, у ерда айтилганлар бироз ўйлантириб қўяди: бир ҳисобда унинг гапларида жон бор, бошқарма Иқтисодий Тараққиёт ва Камбағалликни Қисқартириш Вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради, аммо яна бир ҳақиқат борки, ундан кўз юмиб бўлмайди - шу бошқармага вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари раҳбарлик қилади.

Айни вақтда Тошкент Вилояти Иқтисодий Тараққиёт ва Камбағалликни Қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи сифатида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев фаолият юритмоқда. У ушбу лавозимга 2020 йил ноябр ойида тайинланган экан.

Маълумот учун, Меҳнат Кодексининг 124-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилиши мумкин. Кодекснинг 157-моддасига асосан, иш вақтидан ташқари ишлар учун ходимга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида 200га яқин давлат хизматчилари якшанба куни йиғилишга чақирилгани, Андижон тиббиёт институти ўқитувчиларининг розилигисиз уларнинг ойлигидан шанбалик учун пул ушлаб қолингани, Хивада ўқитувчилар жамоат бирлашмасига мажбуран аъзо қилиниб, ойлигидан ушлаб қолинаётгани, ходимлар розилигисиз ойликдан ушлаб қолишлар давом этаётгани ҳолатлари ёритилганди.

Кўриниб турибдики, турли ташкилотларда меҳнатга оид қонунларнинг қўпол бузилишига одатда ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим бўлган масъул идораларнинг ўзларига юклатилган вазифаларни таъминлай олмасликлари сабаб бўлмоқда.

Хуллас, бунақа нарсалардан ТОЗАЛАНИШ КЕРАК!