22 September 2021
00:17 - Жо Байден: “Дунё тақдирини ҳал қилувчи ўн йиллик бошланмоқда”. БМТ Бош Ассамблеясидаги унинг илк мурожаати қизғин кутиб олингани ҳақида
АҚШ Президенти Жо Байден ўз чиқишида иттифоқчилар билан муносабатлар, Хитой, Афғонистон, Эрон мавзуси ҳамда бошқа муаммоларга эътибор қаратгани кечаги хабарларда урғуланмоқда.

Жо Байден АҚШ Президенти сифатида БМТ Бош Ассамблеясидаги илк мурожаатида бутун дунё учун ҳал қилувчи ўн йиллик бошланаётганини айтиб, ўзининг мамлакати барча иттифоқчилик мажбуриятларини бажаришига ваъда бергани урғуланибди.

Сўнгги вақтда Вашингтон ва унинг доимий иттифоқчилари орасидаги муносабатлар кескин даврни бошидан кечирмоқдалар. Америка ҳарбийлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг вазият янада кескинлашди, бу Жо Байден ва унинг маъмурияти ғарблик ҳамкорлар ҳамда ўз ватанидагиларнинг кескин танқидига сабаб бўлишга олиб келмоқда.

Бунинг ортидан сувости кемалари қуриш тўғрисидаги келишув сабабли АҚШ, Австралия ва Франция ўртасида дипломатик можаро келиб чиққани, Франция раҳбарияти Америка ва Австралиянинг ҳаракатини “ортдан пичоқ уриш” деб баҳолагани ва ўз элчиларини бу икки мамлакатдан чақириб олганига диққат берилмоқда.

Жо Байденнинг президентлик сайловолди кампанияси “Америка қайтди” деган шиор атрофида қурилган, бу Доналд Трампнинг изоляцион йўналишининг бутунлай аксини англатиши лозим эди.

Аммо Байденнинг саккиз ойлик президентлик даври анча баҳсталаб деб ҳисобланмоқда, дейишмоқда айрим экспертлар.

“Биз ҳар доимгидан ҳам жипслашган ҳолда ишлашимиз кераклигига ишончим комил, - дебди Жо Байден Бош Ассамблеядаги мурожаатида. - Бизнинг муваффақиятимиз бошқаларнинг муваффақиятига боғлиқ”.

АҚШ ва Хитой орасида давом этаётган кескинлик ҳақида гапираркан, Жо Байден Вашингтон совуқ урушга ёки дунёни бўлиб олишга уринмаётгани, аммо ўзининг ва иттифоқчиларининг манфаатларига нисбатан тажовузлардан ҳимояланишини айтибди.

У Эрон билан муносабатларга тўхталаркан, АҚШ Теҳрон билан ядровий келишувга қайтишга тайёрлигини билдиргани ҳам хабарларда қайд этилмоқда.

“Биз Эронни ядровий келишувга амал қилишга дипломатик йўл билан қайтариш мақсадида 5+1 гуруҳи билан ишлаяпмиз. Агар Эрон келишувга тўлиқ риоя қилишга тайёр бўлса, биз ҳам бунга тайёрмиз”, - дебди АҚШ Президенти.

У Афғонистон борасида ҳам фикр билдириб, Афғонистонда 20 йиллик низо якунланди, урушнинг бу даврини ёпар эканмиз, ривожланиш ва демократияни янгилаш мақсадида фойдаланиладиган тўхтовсиз дипломатия даврини очамиз, – дебди Жо Байден.

Унинг айтишича: “Армия муаммони ҳал қилишда биринчи эмас, балки охирги восита бўлиши керак” дебди ва дунёдаги ҳамма муаммолар ҳам куч ёрдамида ечилмаслигини қайд этибди.