Кеча икки давлат президентлари, учрашувда Афғонистоннинг Бош вазири Абдулло Абдуллоҳ ҳам бор эди, ўзаро муносабатларнинг бевосита истиқболлари ва АҚШ/НАТО кучлари чиқиб кетганидан кейинги мамлакат келажагини муҳокама қилганлари ҳақида ҳамма қатори Reuters ҳам хабар берди.
АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик халқаро кучларининг олиб чиқиб кетилиши билан тугамайди ва бошқа кўринишларда давом этади. Бу ҳақда Жо Байден Вашингтонда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашувда айтибди. Томонлар икки томонлама муносабатларнинг бевосита истиқболлари ва АҚШ ва НАТО кучлари чиқиб кетганидан кейинги мамлакат келажагини муҳокама қилишган.
Жо Байден шундай сўзлар ҳам айтибди: “Афғонистон ва АҚШ ўртасидаги шериклик тугамайди, балки сақланиб қолади. Бизнинг ҳарбийларимиз кетмоқда, аммо Афғонистонни қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг ҳарбий кучларини ривожлантириш, шунингдек, иқтисодий ва сиёсий ёрдам нуқтаи назаридан тугамайди. Афғонистонликлар ўзларининг келажагини, нима исташларини ҳал қилишлари керак. Мамлакатдаги «бемаъни зўравонликлар»ни тўхтатиш керак, аммо бу қийин бўлади. Биз сиз билан қоламиз ва керакли воситаларга эга бўлишингиз учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз”.
Афғонистон президенти ўз навбатида АҚШ ҳукуматига мамлакатни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Ашраф Ғани қуйидагича жавоб берган: “Биз муносабатларимизнинг янги босқичига ўтмоқдамиз. Эндиликда ўзаро алоқаларимиз кўп томонлама ҳамкорлик йўналишларини ўз ичига олади. Ўзаро шериклигимиз мавжудлигидан жуда ҳам мамнунмиз ҳамда бу бирдамликка содиқмиз. Бу йўлдаги ҳеч нарсадан афсусланмаймиз. Президент Байденнинг АҚШ ҳарбийларини мамлакатимиздан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарорини ҳурмат қиламиз. Бу афғонистонликлар учун ҳам, АҚШ ва минтақа халқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга."
Бу гаплар оддий цитаталар, аслида учрашувда жуда кўп муаммолар тилга олинган. Афғонистон президенти учрашувда Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси ўз ишини давом эттиришини, ҳарбий ёрдам ҳам баъзи ҳолатларда тезлаштирилган жадвал бўйича давом этишини айтиб ўтибди.
Хуллас, шунақа гаплар, шунақа янгиликлар. Кўрамиз, буёғи нима бўлади, дейди “Ҳаракат” мухбири.