16 June 2021
23:11 - Россия ва АҚШ стратегик барқарорлик бўйича қўшма баёнот қабул қилганлари маълум бўлди, икки тараф умумий нуқталарда келишишибди
16 июн куни Женевадаги Ла-Гранж вилласида Россия ва АҚШ президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байден Женевадаги учрашув якунлари бўйича стратегик барқарорлик борасида қўшма баёнот қабул қилибдилар.

Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар тарқатибди.

“Бугун биз ядровий урушда ғолиблар бўлмаслиги ва бу уруш ҳеч қачон юз бермаслиги тамойилига содиқлигимизни тасдиқлаймиз”, дейилибди қўшма баёнотда.

Баёнотда айтилишича, стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ва чеклаш тўғрисидаги шартноманинг узайтирилиши бунинг тасдиғидир. Икки тараф бу мақсадларга эришиш учун яқин вақт ичида стратегик барқарорлик бўйича икки томонлама мулоқотни йўлга қўядилар, дейилибди ҳужжатда.

Маълумки, 16 июн куни Женевадаги Ла-Гранж вилласида икки давлат раҳбарлари учрашув ўтказди. Улар ўртасидаги икки қисмдан иборат музокаралар 3,5 соат давом этди.

Икки раҳбарнинг матбуот конференциялари алоҳида-алоҳида ўтказилди, аммо улар ҳамма нарса жойида эканлигини умумий тиллар билан англатибдилар.