Асли ўзбек бўлган Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг бойлиги “The Times” нашри томонидан 13,4 млрд фунт стерлингга баҳоланиб, британиялик энг бой одамлар рўйхатида 6-ўринга чиқарилибди.
Россиянинг “USM Holdings Limited” компанияси эгаси, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов “The Times” нашри томонидан тузиб чиқилган, Буюк Британиянинг энг бой одамлари рўйхатида 6-ўринга қўйилибди.
Хабарга кўра, унинг бойлиги 13,4 млрд фунт стерлингга баҳоланган.( 21 май ҳолатига кўра, 1 фунт стерлинг 1,42 АҚШ долларини ташкил этмоқда)
Нашр маълумотларига кўра, миллиардернинг ўзи ва унинг компаниялари томонидан сўнгги 20 йил давомида хайрия мақсадларида 4,2 млрд фунт стерлинг маблағ сарфланган ва 67 ёшли Усмонов энг саховатли Rich List хайриячиси сифатида эътироф этилган.
Таъкидланишича, биргина 2020 йил давомида Усмонов 500 миллион фунтдан кўпроқ маблағини хайрия мақсадларида сарф қилган.
Бу хайриялар асосан Россия ва Ўзбекистонга йўналтирилган. Бундан ташқари у ўтган йили 1892 йилги Олимпия Манифестини сотиб олиш учун 8,8 миллион доллар сарфлаган ва кейинчалик манифест Швейцариядаги Олимпия музейига совға қилинган.
Маълумот учун, Алишер Усмонов юқоридаги рўйхатда 2020 йил 7 ўринни эгаллаган.
Аввал бу киши 2005 йилда ўзининг 2 млрд доллари билан Россия миллиардерлари йигирматалигига кирганди. 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозига қарамай, 2012 йилда Усмонов 18,1 млрд доллар бойлиги билан Россия миллиардерлари рўйхатида мутлақ етакчига айланганди.
Алишер Усмоновнинг охирги йилларда катта фойда келтирган айрим сармоялари қуйидагича:
1. 2006 йилда “Коммерсантъ” нашриёт уйи;
2. 2007 йилда “МузТВ” телеканали;
3. 2007 йилда Лондоннинг “Арсенал” футбол клуби (у клубдаги барча 30 фоиз акциясини 2018 йилда 713 млн долларга сотиб юборганди). Айни пайтда эса Англиянинг бошқа бир футбол клуби Эвертон акцияларининг маълум қисмига эгалик қилмоқда;
4. 2008 йилда “Мегафон” алоқа компанияси;
5. 2009 йилда Facebook ижтимоий тармоғи;
6. 2010 йилда Mail.ru портали;
7. 2012 йилда УСМ холдингининг асосий қисми (бу холдинг таркибига “Металлоинвест”, “МегаФон”, “Скартел”, “Mail.ru Group”, “Дисней Русциа”, “Муз-ТВ”, “Ю” каби телеканаллар киради; mail.ru ортидан “Вконтакте”, “Одноклассники”, “Мой Мир”, “ИСҚ” мессенжери каби активлар ҳам шулар қаторида);
8. 2013 йилда Apple гигантининг 100 миллион долларлик акциялари (кейинчалик у бу акцияларни яхши фойда билан сотиб, Хитойнинг технологик компаниялари акцияларини сотиб олган).
Кўриб турибсизки, дейди “Ҳаракат” мухбири, Алишер Усмонов ростдан ҳам дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида турибди. Демак, ишларини янада ривожлантирса, яна ҳам юқорироққа чиқади.