03 May 2021
02:07 - Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қўшни Тожикистон билан ихтилофдан кейин ўз халқига мурожаат қилибди
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасида Тожикистон билан юз берган низодан кейин ўз халқига мурожаат қилиб, низо Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлигини хавф остига қўйганини урғулабди.

“28-30 апрел кунлари Қирғизистон халқи учун оғир тарихий синовлар ва қайғули кунлар бўлди. Муқаддас ватанимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлиги хавф остига қўйилди, осойишта халқимиз тинчлиги бузилди”, деб айтган Садир Жапаров ўз мурожаатида.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон чегарачилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тайёргарлиги ва жасорати туфайли мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлишибди.

Жапаров ихтилоф вақтида ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оилаларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишни тилабди.

Қирғизистон раҳбарининг таъкидлашича, ихтилофнинг янада авж олишига йўл қўймаслик мақсадида чегараларни демаркациялаш бўйича ҳукуматлараро комиссиялари иши бўйича баённома имзоланган.

“Биз ўзгалар хатосини қайтармадик. Шу билан бирга, баъзи иғвогарлар ташқи кучлардан хавфлироқ эканини унутмаслигимиз лозим”, деб қўшимча қилган Садир Жапаров.

У, шунингдек, келгусида бундай ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида икки давлат чегарасидаги қўшни ва икки халқ вакиллари аралаш яшайдиган қишлоқлар оқсоқолларидан иборат тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияни ташкил этишни таклиф қилган.“Чунки биз абадий қўшнилармиз. Мақсадимиз – халқимиз фаровонлиги, давлатимиз ҳудудий яхлитлигидир”, деб таъкидлаб ўтган Қирғизистон етакчиси.

У Тожикистон билан чегарада яшовчи, ихтилоф вақтида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган қишлоқлар аҳолисини ўз уйларига қайтишга чақирибди.

Қирғизистон раҳбари тўқнашувлар вақтида вайрон бўлган ва ёниб кетган уйларни тиклаш бўйича чоралар қабул қилинишига ваъда берган ва одамларни иғволарга учмасликка чақирган.

Садир Жапаров қирғизистонлик ҳарбийлардан мамлакат ташқарисига чиқмасликни ва биринчи бўлиб ўқ узмасликни талаб қилибди ва “Биз қуролли кучларимизга қўшни давлат қишлоқларига бостириб киришига, тинч аҳолига ҳужум қилишига ва уларнинг уйларини вайрон қилишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб таъкидлабди.

Жапаровнинг таъкидлашича, агар вазият янада кескинлашганда, икки томон ҳам катта йўқотишларга учрарди, юзлаб ва ҳаттоки минглаб оилалар жабр кўрган бўларди.

28 апрел куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида можаро келиб чиқди, 29 апрелда эса у қуролли тўқнашувларга айланиб кетди.

Можаро Тожикистон томони Исфара дарёси юқори оқимидаги «Бош» сув тақсимлаш пунктида сув тақсимотини назорат қилиш мақсадида видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган. Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилояти полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилган. Томонлар бир тўхтамга кела олмагани можаронинг авж олишига олиб келган. Тожикистон бу ҳудудни ўзиники деб ҳисоблайди, Қирғизистон эса баҳсли ҳудуд сифатида билади.

Кейинроқ икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва чегарага юборилган қўшимча кучларни ортга қайтариш бўйича келишувга эришибдилар.