27 April 2021
17:38 - Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара бўйича музокаралар юзасидан изоҳ берди. “Ҳаракат”нинг фикри ҳам маълум!

“Хоҳлаймизми, йўқми, чегаралар билан боғлиқ масалани музокаралар ва участкалар алмашиш орқали ҳал қилиш керак”, дебди Садир Жапаров. Унинг таъкидлашича, аввалги ҳукумат чегара масалаларини ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилган ва аҳоли бундан чегараларга симлар торилганидан кейингина хабардор бўлган.

Мана унинг баъзи гаплари: “Аввалги ҳукуматнинг хатоларини такрорламаслик учун дастлаб одамларга кўрсатамиз, уларнинг розилигини оламиз ва қарор чиқарамиз. Бизнинг сиёсатимиз шундай. Назарий жиҳатдан ҳаммаси ёпиқ эшиклар ортида ўтиши керак, кўплаб ҳужжатлар махфий ҳисобланади. Аммо биз халқнинг фикрини инобатга оламиз.”

У чегара масаласи битта имзоланган протокол билан ҳал қилинмаслигини таъкидлаб, шундай дебди: “Бунинг учун тўрт босқич босиб ўтилади: ишчи комиссиялар қарори, президентнинг розилиги, сўнгра ҳужжат Жўқорғи Кенгесга юборади ёки қайтадан юборади, парламент тасдиғи ва президент имзоси.

Ҳозир фақат дастлабки босқичдамиз. Биз ҳамма нарса очиқ ва ошкора бўлишини ва 10-15 йилдан сўнг одамлар биз ҳақимизда ёмон гап айтмасликларини истаймиз”.

Март ойи охирида Ўзбекистон билан тузилган шартномага мувофиқ, қуйидаги участкалар Қирғизистонга ўтгани эълон қилинганди:

- Кўк-Серек - 105 гектар;

- Ола-Буқа районидаги Бойистон – 212 гектар;

- Қора-сув районидаги Оқ-Тош – 100 гектар;

- Қора-Белес - 25 гектар;

- Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги Гавасой - 8 минг гектар;

- Ўнғар-Тоғдаги ерлар - 35 гектар.

Ўзбекистон ушбу ҳудудлар эвазига Кампир-Обод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини олган. Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 гектар майдон ҳам Ўзбекистонга ўтиши, бунинг эвазига Қирғизистон Ўзган райони чегара ҳудудидан 50 гектар майдонни олиши кўзда тутилган.

Қирғизистон баҳсли ҳудудлар бўйича келишув ҳақида маълумот берган, Ўзбекистон томони бу ҳали “ишчи гуруҳ келишувлари” эканини айтмоқда.

Ўшанда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев томонлар Кампиробод сув омборидан умумий фойдаланиш юзасидан ҳам келишувга эришганини айтганди.

Дастлабки келишувга асосан, Кампиробод сув омборининг сув захираларини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутадиган, биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузилиши мумкинлиги айтилган эди.

Қирғизистон ўз фуқароларининг ушбу сув омбори сувидан бепул ва тўсиқсиз фойдаланиши, Ўзбекистон сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмаслик мажбуриятини олишини истаяпти.

Апрел ойи ўрталарида қирғизистонликлар Кампир-Обод сув омбори атрофидаги 50 гектар ер майдони Ўзбекистонга берилишига қарши чиқишди.

Кўп ўтмасдан, Қамчибек Тошиев Ўзбекистонга бу ҳудуддан ер берилмаслигини айтиб чиққани ҳам сир эмас.

Хуллас, шунақа гаплар, дейди “Ҳаракат” мухбири. Хўш, бу масаладаги ўзбекистонликларнинг фикри қандай бўлади? Шу ҳақда ўйлаш керак, уларни тезда эълон қилиш керак, ҳурматли ўқувчиларимиз!