21 April 2021
23:31 - Ўзбекистонимиз мобил интернет нархи бўйича 21-ўринда, аммо тезлик борасида сўнгги ўринларда ўтирибди. “Ҳаракат” нима дейди?
Ўзбекистон мобил интернет арзонлиги бўйича Cable.co.uk рейтингида 21-ўринда қайд этилди. Унга кўра, республикада 1 Гб мобил трафик ўртача 60 центга тушади. Шу билан бирга, Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича рейтингда сўнгги ўринларда қолмоқда.

Британиянинг Cable.co.uk портали дунё мамлакатларида мобил интернет нархлари тўғрисидаги маълумотларни билдирди. Унга кўра, мобил интернет арзонлиги бўйича 2021 йилги рейтингда Ўзбекистон 230 мамлакат орасида 21-ўринда қолди.

Порталда қайд этилишича, 2021 йил 23 феврал ҳолатига Ўзбекистонда 1 Гб мобил интернет нархи ўртача 60 центни ташкил этади.

Cable.co.uk мамлакатда мобил интернет нархи йилдан йилга пасайиб бораётганини қайд этган. Унга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда 1 Гб мобил трафик нархи ўртача 3,3 доллар, 2020 йилда эса ўртача 1,3 доллар бўлган.

2021 йилги рейтингда биринчи ўринни Исроил банд қилган, бу ерда 1 Гб мобил интернет ўртача олганда бор-йўғи 5 цент туради. Иккинчи ўринда - 15 цент нарх билан Қирғизистон.
Юқори бешликда Фижи (19 цент), Италия ва Судан (ҳар иккисида - 27 цент) қайд этилган. Россия олтинчи (32 цент), Қозоғистон эса Ўзбекистондан битта олдин - йигирманчи (59 цент) ўриндан жой олган.

1 Гб мобил интернетнинг ўртача нархи Туркманистонда 21,4 доллар, БААда 7,6 доллар, Швейцарияда 5 доллар, Жанубий Кореяда 4,7 доллар, АҚШда 3,3 доллар, Тожикистонда 2,6 доллар экани қайд этилган.

Ўзбекистон Ахборот Технологиялари ва Коммуникацияларини Ривожлантириш Вазирлиги билдиришича, Cable.co.uk портали таҳлил қилинаётган мамлакатлардаги барча алоқа операторларининг 1 Гб мобил интернет трафик нархлари ҳақида маълумотларни олиб, уларнинг ўртача қийматини (медиана) белгилайди ва рейтингга киритади.

Таҳлил учун асосан интернет хизматидан фойдаланиш учун мўлжалланган тариф режалар ва хизматлар ҳақидаги маълумотлар олинганлиги ҳамма ерда эълон қилинди, аммо АКТ вазирлиги март ойида Ўзбекистонда 1 гигабайт мобил интернет ўртача нархи 6-7 минг сўм эканини билирганди.

Ўзбекистон Speedtest.net сервисининг мобил интернет тезлиги бўйича рейтингида 140 мамлакат орасида 129-ўринда бораётгани, мамлакат ўтган йили Freedom House'нинг интернет эркинлиги бўйича рейтингида сўнгги ўнликдан жой олгани эълон қилинганди.

Демак, дейди “Ҳаракат” мухбири, бу соҳада ҳам ҳаммадан орқада эканлигимиз исботланди. Энди ФУНДАМЕНТАЛ ИСЛОҲОТЛАР вақти келди.