13 April 2021
17:19 - Ўзбекистон биржаларида бензин нархи бу ҳафтада яна 23,1 фоизга кўтарилибди

Ўзбекистон биржаларида бензин нархи бу ҳафтада яна 23,1 фоизга кўтарилибди

Ўтган ҳафта давомида, яъни 5–11 апрел кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг барча савдо платформаларида 1,74 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 23,1 фоизга кўп.

Биржа савдоларига 32 328,0 тонна АИ-80 маркали автомобил бензини қўйилди ва улардан 16 797,4 тоннаси, яъни 51,9 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 36 харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи корхоналар АИ-80 маркали автомобил бензинининг ўртача бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6,24 млн сўмдан 6,30 млн сўмгача ёки 1,0 фоизга кўтаришди. Шу муносабат билан, АИ-80 маркали автомобил бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам 6,24 млн сўмдан 6,30 млн сўмгача, яъни 1,0 фоизга кўтарилди.

Ўтган ҳафтада АИ-80 русумли автомобил бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6,24 млн сўмни, АИ-91 – 7,38 млн сўмни ташкил этди.

Турли манбаларда келтирилишича, автомобил бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

29 март - 4 апрел кунлари ҳам АИ-80 маркали автомобил бензинининг ўртача кунлик нархи бир тоннаси учун 6,27 млн сўмдан 6,28 млн сўмгача, яъни 0,2 фоизга кўтарилганди.

Маълумот учун, 2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали автомобил бензини ва дизел ёнилғиси, шу жумладан ЭКО маркали дизел ёнилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган. Нефтни қайта ишлаш заводлари уларни фақат биржа савдолари орқали сотади.