25 March 2021
20:30 - Яна масхарабозлик: 2020 йилда Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг харажатлари 100 миллиард сўмдан ортиқ бўлганмиш. “Ҳаракат” нима дейди?
Бугун, 25 март куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда депутатлар сиёсий партияларнинг 2020 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини ҳам тинглабдилар.

Мана ўша мажлисда тилга олинган рақамлар.

Ўзбекистон Либерал-Демократик Партияси. Партия раиси Акмал Ҳайитовнинг ҳисоботида айтилишича, 2021 йил 1 январь ҳолатига партиянинг ҳисобрақамларидаги қолдиқ маблағлар 1 миллиард 930 миллион 734 минг сўмни ташкил қилмоқда. 2020 йил давомида партиянинг ҳисобрақамларига жами 35 миллиард 318 миллион 862 минг сўм келиб тушган.

“Миллий Тикланиш” Демократик Партияси. Партия раиси Алишер Қодиров 2020 йил партия ҳисобрақамига 22 миллиард 276 миллион 323 минг 900 сўм миқдорида маблағ тушганини маълум қилди. Хусусан, партияга давлат бюджетидан 20 миллиард 113 миллион 494 минг сўм, партия аъзолик бадалларидан 1 миллиард 891 миллион 659 минг сўм, ҳомийлик, хайрия ва бошқалар ҳисобидан 271 миллион 170 минг 800 сўм маблағлар келиб тушган. 2020 йил давомида партиянинг умумий сарф-харажати 21 миллиард 665 миллион сўмни ташкил қилган.

“Адолат” Социал Демократик Партияси. Партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимовнинг сўзларига кўра, 2020 йилда партиянинг ҳисобрақамларига жами 14 миллиард 206 миллион 929 минг сўм маблағ келиб тушган. 2020 йилда жами 13 миллиард 871 миллион 122 минг сўм маблағ сарфланди.

Халқ Демократик Партияси. Партия раиси Улуғбек Иноятов 2020 йилда партия ҳисобрақамларига 23 миллиард 842 миллион 410 минг сўм келиб тушганини маълум қилди. Ушбу маблағларнинг 48 фоизи партиянинг ўз маблағларидан иборат.

Ўзбекистон Экологик Партияси. Партия раиси Нарзулло Обломуродов 2020 йилда партиянинг харажатлари 8 миллиард 342 миллион 51 минг сўмни ташкил этганини билдирди. Жумладан, партия ишчи ходимларининг 2020 йил давомидаги иш ҳақи учун 7 миллиард 36 миллион сўм, ягона ижтимоий тўлов учун 853 миллион сўм, хизмат сафарлар харажатлари учун 19 миллион 801 минг сўм, коммунал хизматлар учун 75 миллион 122 минг сўм ва бошқа харажатлар учун 807 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Сиёсий партия раислари тақдим қилган маълумотларга кўра, 2020 йилда Ўзбекистондаги 5та сиёсий партиянинг умумий харажатлари 101 миллиард 108 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилмоқда. Олий Мажлис депутатлари томонидан партияларнинг 2020 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлар маълумот учунгина қабул қилинган.

“Ҳаракат” мухбири бундай ҳисоботни навбатдаги масхарабозлик деб ҳисобламоқда. Қаранг, 5 та партиянинг ҳисоботлари шундай эмиш. Бу кетишда охир-оқибат қандай бўлади? Мана қандай масалаларни муҳокама қилиш керак эди.

Шундай экан, ҳамма ўқувчиларимизга мурожаат қиламиз. Партияларнинг сиёсий фаолияти НОЛЬ эканлиги шундоғам маълум. Хўш, нима қилиш керак? Мана шу масала бўйича фикрларингизни бизга ҳам билдиринг.