Ягона тергов органини тузиш, қамоқхоналарни адлия тизимига ўтказиш, навбатчи (кечаси ишлайдиган) судья институтини жорий этиш каби бир нечта таклифларни илгари сурди Олий Мажлиснинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Вакили Феруза Эшматова (расмда).
Бугун, 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида Халқ Демократик Партияси фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб парламентнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи эшитилди.
Қуйи палата хабарига кўра, Омбудсман ҳисобот бериш билан бирга, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мустаҳкамлаш бўйича қуйидаги таклифларни ҳам ўртага ташлаган:
- прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш;
- жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан Адлия Вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш;
- тарафларга суд жараёнининг бошланиши ҳақида олдиндан хабар бериш борасида ахборот технологиялар ёрдамидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш;
- судларнинг ихтисослашувини янада мустаҳкамлаш, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини тезкор таъминлаш мақсадида навбатчи (кечаси фаолият юритадиган) судья институтини жорий этиш;
- доимий фаолият кўрсатадиган, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича алоҳида институт жорий қилиш.
Эслатиб ўтамиз, Феруза Эшматова омбудсман лавозимига бир ҳафта аввал сайланган эди.
Маълумот учун, 2019 йил декабрида Адлия Вазири Русланбек Давлетов ЖИЭМлар масаласида фикр билдирганди. “Жазони ижро этиш муассасалари Адлия Вазирлигида эмас, Ички Ишлар Вазирлиги тизимида тўғри турибди. Қамоқхона ва колонияларнинг бўйсинуви бўйича орган ўзгаргани билан тизим ўзгариб қолмайди. Яқин ва ўрта келажакда бу масала кўриб чиқилмайди”, деганди.
Куни кеча Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев шу мавзуга яқин масалада фикр билдирганди. Унинг айтишича, қамоқхоналардаги қийноқ ҳолатлари аниқланмай қолаётганининг сабабларидан бири – бу борада тегишли хулосани берувчи тиббиёт ходимлари Ички Ишлар Вазирлигига бўйсунишидир. Қамоқхоналардаги тиббиёт ходимларини ИИВ эмас, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги бўйсунувига ўтказиш ҳақида ўтган йили Омбудсман киритган таклиф очиқ қолган.
2019 йилги парламент сайловлари арафасида “Адолат” Социал-Демократик Партияси ягона тергов органини тузиш учун ҳаракат қилишини эълон қилганди. // Kun.uz