25 December 2020
05:42 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Хамроқул Асқар юборган бу шеърни ўқинг
Ҳамроқул Асқар: О М А Д С И З

ҚАЙ ИШГА ҚЎЛ УРАР БЎЛСА
РАНГИ ЎЧА БОШЛАР ЎША СОҲАНИНГ.
БОҒБОН БЎЛДИ БИР ҒАРОЙИБ БОҒ,
КУНДАГА АЙЛАНДИ ШЎРЛИК ДОВ - ДАРАХТ.

ИЛМГА УРГАНДИ ЎЗИНИ –
ҲИСОБДАН АДАШИБ ШЎРЛИК РАҚАМЛАР,
МИНГ БИЛАН МИЛЁННИНГ ФАРҚИ ҚОЛМАДИ!

САЛ-ПАЛ ТИЖОРАТГА УРИНГАН ЭДИ,
ПУЛ ҚАДРСИЗЛАНИБ,
МОЗОРГА ЎХШАБ ҚОЛДИ БОЗОРЛАР.

ЖИНДАЙ МУХБИРЛИКНИ КАСБ ЭТГАН ЭДИ,
НАРХИ ОШИБ КЕТДИ ҚОҒОЗНИНГ.

ШЕЪРИЯТ БОҒИГА УЗАТГАНДИ ҚЎЛ -
ДОД СОЛИБ ЙИҒЛАДИ ҚОФИЯ ШЎРЛИК,
ОЁҒИГА СУВ ТУШИБ ИЛҲОМ ТУЛПОРИН,
ОЧДАН ЎЛАЁЗДИ АҲЛИ ҚАЛАМКАШ.

ШУНЧАКИ ҚЎЛ СИЛКИБ СЎРАШГАН ЭДИ,
КЕЧА ЭШИТДИМКИ, ИШДАН КЕТИПТИ.
ЎША ШЎРЛИК ВАЗИР ОШНАСИ…

ЭНДИ ҲАММА УНИ ТАНИЙДИ,
У ЮРГАНДА ҲАРАКАТ ТЎХТАР,
ҲУВИЛЛАБ ҚОЛАДИ КЎЧАЛАР.

ТОҒЛАР ҚЎРҚА, ПИСА ТЕРМУЛАР –
НОГОҲ У СУЯНСА,
КИЧИК БИР ТОШГА АЙЛАНИБ,
КЎЛМАККА ДЎНИШДАН ЧЎЧИР ДАРЁЛАР...

20 аср

“Ҳаракат”: Ҳамроқул Асқар “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосчиларидан бири бўлган эди. Ҳозир сувлар оқиб кетмоқда, бу йигит қаердалигини билмаймиз ҳам. Аммо, бизга келиб тушган шеъри кўрсатмоқдаки, у ҳали ҳам бор бу дунёда.