18 December 2020
19:31 - Молия Вазири Тимур Ишметов Олий Мажлис йиғилишида олтин нархи кўтарилиши бошқа маҳсулотлар нархи пасайишини қоплашга ёрдам бериши мумкинлигини айтибди. “Ҳаракат”: Шунга ишонадиганлар борми?

Бугун Олий Мажлиснинг 10 йиғилишида нутқ сўзлаган Молия Вазири Тимур Ишмет пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётининг аста-секин тикланиши, 2021 йилда пандемиядан жаҳон иқтисодиёти аста-секин тикланиши прогноз қилинаётганини гапирибди.

У Халқаро Валюта Жамғармасининг октябрь ойидаги прогнозларига кўра, 2021 йилда жаҳон иқтисодиёти тикланиши натижасида 5,2 фоизга ўсиши, хусусан, ривожланган давлатлар иқтисодиёти 3,9 фоизга, Россия иқтисодиёти 2,8 фоизга, Қозоғистон иқтисодиёти 3 фоизга, Туркия 5 фоизга, Хитой иқтисодиёти 8,2 фоизга ўсиши прогноз қилинаётганини эълон қилибди.

Унинг фикрича, прогнозлар жуда ноаниқ ва юқори даражада эпидемиологик вазиятнинг ривожланишига боғлиқ бўлиб қолмоқда эмиш.

Пандемия сабабли нефть нархлари пасайиши энергия маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатларга салбий таъсир этиши кутилаётганини табиий деб баҳолаган вазиримиз Ўзбекистон учун олтин нархининг кўтарилиши бошқа турдаги маҳсулотлар нархининг пасайишини қоплашга ёрдам бериши мумкинлигини алоҳида урғулабди.

2021 йилда республикамиз иқтисодиёти миллий прогнозларга кўра 5,1 фоизга ўсиши кутилмоқда, бунда саноат 5,8 фоизга, қурилиш 6,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари 2,7 фоизга ҳамда хизматлар 6,4 фоизга ўсиши прогноз қилинаётганини такрорлабди.

Унинг айтишича, жорий йилнинг 19 октябрида “муҳтарам президентимиз” бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинган, келгуси йилда вазирлик ва идораларнинг олдида турган устувор йўналишлар ва мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилганмиш.

У бор камчиликларни битталаб санаб чиқиш билан бир қаторда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёнинг топшириғига асосан, 2021 йил учун Давлат Бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳамда маҳаллий бюджетлар лойиҳалари Сенат аъзолари, Молия Вазирлиги ва Давлат Солиқ Қўмитаси ходимлари иштирокида 2020 йилнинг 29 октябридан 10 ноябрига қадар ҳамма ерда муҳокама қилинганини урғулаган.

Хуллас, дейди “Ҳаракат” Агентлиги мухбири, Молия Вазири Тимур Ишмет ҳамма айбни Президент елкасига қўйган ва ундан жавоб сўраш кераклигини алоҳида урғулаган.

Мана шу масала устида ўйлаш керак, ҳурматли ўқувчиларимиз! Акс ҳолда ҳамма нарса эскилигича қолаверади, Ўзбекистонимизнинг аҳволи ҒАРИБЛАШИШНИ давом эттираверади! Эшитдингизми, шу фикрни ўртоқ Шавкат Мирзиё!?