29 November 2020
19:15 - ЮНИСЕФга кўра, ишларимиз дабдала: Ўзбекистонда 9 ёшга тўлмаган болаларнинг учдан бир қисми, 14 ёшгача болаларнинг 24 фоизи энг камбағал қатламдаги оилаларда яшайди
ЮНИСЕФ докладида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси болали оилалар орасида айниқса юқори эканини кўрсатмоқда, 9 ёшгача бўлган болаларнинг тахминан 30 фоизи ва 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг 24 фоизи аҳолининг энг камбағал қатламларига мансуб оилаларда яшайди, дейилади бу ташкилотнинг бугун эълон қилинган докладида.

Унутмайликки, 2018 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 11,4 фоизи миллий камбағаллик даражасида яшар эди, ҳозир аҳвол ундан ҳам баттар.

Болалар нафақалари билан қамраб олиш даражаси пасаймоқда, ЮНИСЕФ таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда энг камбағал уй хўжаликларининг 52 фоизи ижтимоий ҳимоянинг миллий тизими томонидан ҳеч қандай ёрдам билан қамраб олинмаган.

Болалари бор оилаларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган болалар нафақаларининг учта тури билан қамраб олиш даражаси мунтазам пасайиб бормоқда.

2 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун нафақа олувчилар сони 2009 йилдан бошлаб 60 фоизга камайди. 2 ёшдан 14 ёшгача болалари бор оилаларга тўланадиган нафақалар вақт ўтиб қисқарди: эндиликда атиги 10 фоизгина болаларни қамраб олмоқда. Ҳозирги вақтда 0–17 ёшдаги болаларнинг фақат 17 фоизи бола учун бирор турдаги нафақа (болани парваришлаш учун нафақа, оилавий нафақа ёки болалар ногиронлиги бўйича нафақа) оладиган уй хўжаликларида яшайди.

Ўзбекистонда ногиронлиги бор болаларнинг нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлиши осон эмас. Бунинг учун улар ногиронликни белгилаш мураккаб жараёнидан ўтишлари керак, бу жараён эса маблағ сарфлашни талаб қилади. Шу сабабли ногиронлиги мавжуд болаларнинг қарийб ярми (48 фоизи) ана шу нафақани ололмаяпти.

Болалар ногиронлиги бўйича нафақа тўлаш учун ажратилган бюджет паст даражада бўлиб, ЯИМнинг атиги 0,21 фоизини ташкил қилармиш.

Хуллас, ЮНИСЕФнинг “2019/2020: Ўзбекистондаги болалар вазиятининг таҳлили” номли доклади шулардан иборат. Яъни, ишларимиз дабдала.