19 November 2020
18:11 - Дунё давлатларининг инглиз тилини билиш халқаро рейтинги янгиланди, Ўзбекистон 100 давлат ичида 88-чи ўринда
Инглиз тилини билиш даражасини аниқловчи энг таниқли натижаларни эълон қилиш билан шуғулланувчи EF English Proficiency Index 2020 йил рўйхатларини маълум қилди.

Бу рейтинглар рўйхати дунёнинг 100 та мамлакатида умумий 2,2 миллион нафар инсонларни инглиз тили бўйича билимларини синовдан ўтказиш орқали шакллантирилар экан.

Маълумки, ёши катталар учун инглиз тилини билиш эса муҳим халқаро ўлчов ҳисобланади, EF English Proficiency Index ҳисоботлари турли мамлакатларда инглиз тилини ўрганишнинг умумий заиф томонларини аниқлайди ва уни ўрганиш учун энг самарали стратегияларни таклиф этади.

Бу йил 100 та мамлакатда 18 ёшдан катта бўлган турли иштирокчилар синовдан ўтказилган, иштирокчиларнинг ўртача ёши 26 ёшни ташкил этган. Унда аёллар ва эркаклар сони деярли тенгдир.

Ўзбекистон мазкур рейтингда ўтган йил 95-ўринни эгаллаган бўлса, бу йил 13 поғона юқорилаб, 88-поғонага чиқибди.

EF English Proficiency Index рейтингида мамлакатлар бешта кўрсаткич даражаси бўйича тақсимланади. “Жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст” даражаларда жами 100 та давлат кўрсаткичлари келтирилган. “Жуда юқори” кўрсаткичга эга бўлганлар 12 та давлатдан иборат. Мана уларнинг рўйхати:

1. Нидерландия
2. Дания;
3. Финляндия;
4. Швеция;
5. Норвегия;
6. Австрия;
7. Португалия;
8. Германия;
9. Бельгия;
10. Сингапур;
11. Люксембург;
12. ЖАР.

Рейтингда 77-ўриндан 100-ўрингача “жуда паст” кўрсаткичга эга давлатлар ўрин олган. Европада Нидерландия, Осиёда Сингапур, Лотин Америкасида Аргентина, Африкада ЖАР, Яқин Шарқда Эрон юқори ўринларни эгаллашган.

Эслатиш керакки, 88-чи ўрин олган Ўзбекистон рўйхатнинг айнан шу қисмидадир. Рўйхатда ундан кейин жой олган давлатлар қуйидагилардир: Ўзбекистон, Камерун, Таиланд, Ивори, Қозоғистон, Мянмар, Эквадор, Рванда, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Омон, Ироқ, Тожикистон. Қаранг, биздан кейин рўйхатда асосан Марказий Осиёлик давлатлар бор. Кўринишидан, Туркманистон умуман рўйхатга кирмаган.