01 October 2020
13:32 - АҚШ Ўзбекистонда USAID’нинг янги икки томонлама ваколатхоналари ишга туширилганини эълон қилди

Кеча, 30 сентябрь куни, Мерос жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) администратори вазифасини бажарувчи Жон Барса Тожикистон ва Ўзбекистонда USAID’нинг янги икки томонлама ваколатхоналари ишга туширилганини эълон қилганини Kun.uz Интернет нашри билдирди.

Қўшма Штатлар элчихонаси хабарига кўра, АҚШнинг Марказий Осиё бўйича 2019-2025 йиллардаги Стратегияси тақдимотидан атиги бир неча ой ўтиб қилинган ушбу эълон USAID’нинг Марказий Осиё халқлари олдидаги узоқ муддатли садоқатини ифодалайди.

“Миссиялар USAID фаолият юритадиган асосий марказ бўлиб, у Қўшма Штатларнинг ҳукумат ҳамда мамлакат халқи билан тўғридан-тўғри ва сермазмун муносабатларни ўрнатишга содиқлигини намойиш этади. Шунингдек, ушбу миссиялар минтақадаги фаолиятимизни мувофиқлаштиришга ёрдам бериб, Марказий Осиёдаги бирон бир давлат эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди”, - дебди юқорида номи тилга олинган Жон Барса.

Администратор вазифасини бажарувчи Жон Барса Тожикистоннинг АҚШдаги элчиси Фарҳод Салим ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовлар иштирокида USAID минтақада ўзининг олдинги муваффақиятларига таянган ва янги имкониятлардан фойдаланган ҳолда нафақат иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни бошқариш, балки савдо соҳасида адолатли муносабатларни қўллаб-қувватлаш, энергетика бозорида ўзаро муносабатларни кенгайтириш ҳамда минтақавий барқарорликни кучайтириш борасида ислоҳотлар қилишни ҳам кўзлашини таъкидлабди.

Марказий Осиё бўйича Стратегияси доирасида АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан уларнинг барқарорлигига нисбатан узоқ ва қисқа муддатли таҳдидларга ҳамда ёвуз кучларга чидамлилигини кучайтириш, шунингдек, АҚШ билан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида шериклик алоқаларини чуқурлаштириш борасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда, дейилибди хабарда.

Янги миссиялар 2021 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда эмиш. Нима бўлганда ҳам, дейди “Ҳаракат” мухбири, бундай хабар яхшиликка олиб келиши мумкин.