29 September 2020
15:01 - Туркий Kенгаш Арманистон ҳарбийларини Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудларидан олиб чиқишга чақирди

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий Kенгаш) бош котиби Боғдод Амреев Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашиши юзасидан баёнот билан чиқди.

«Туркий Kенгаш бош котиби Боғдод Амреев Озарбойжон Республикасининг босиб олинган ҳудудларидаги қуролли тўқнашувлардан чуқур ташвишдалигини билдиради.

Туркий Kенгаш халқаро ҳуқуқ маъёрлари ва тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва Тоғли Қорабоғ можаросини Озарбойжон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро даражада тан олинган чегаралари дахлсизлиги доирасида ҳал қилиниши муҳимлигини қайд этади.

Шу муносабат билан Туркий Kенгаш БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1993 йилда қабул қилинган резолюциясига кўра Арманистон Озарбойжон Республикасининг босиб олинган ҳудудларини қайтариб бериши ва бу ҳудудлардан қуролли кучларини олиб чиқиши кераклиги белгилаб қўйилганини эслатган.

Бош котиб қуролли тўқнашувлар давомида инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Озарбойжон халқига ҳамдардлик билдиради ва жароҳатланганлар тезроқ соғайиб кетишини тилайди», дея ташкилот баёнотидан иқтибос келтирган SalamNews сайти.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни тонгда Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий зиддият яна кескинлашди. Икки мамлакатда ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

Шу куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги вазият юзасидан ўз муносабатини билдириб ўтди. Туркия ва Афғонистон бу можарода Озарбайжонни қўллаб-қувватлашни билдирган.