06 September 2020
13:45 - ЯНГИ КИТОБ: Эр бошига иш тушса. КУТИЛМАГАН ФИКР: “Бирлик” Партияси буни олқишлайди

XX аср ўзбек адабиётининг классик адибларидан, дея эътироф этилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса” романи орадан 55 йил ўтиб алоҳида китоб ҳолида қайта нашр этилди.

Рус ёзувчиси Константин Симонов адибнинг “Эр бошига иш тушса”, “Излайман” каби асарлари ҳақида қуйидагича фикр юритган эди: “Ҳозирги замоннинг бош муаммоси -уруш ва тинчлик муаммоси... Уруш йилларидаги баходирона қахрамонликларнинг маънавий илдизларини тушуниш, идрок этиш зарурияти ҳам фавқулодда муҳим”.

"Кечаси Ҳулкар тик тепага келганда ҳандалак ўғирлашга боришмоқчи эди” дея бошланувчи асарни китобхон мароқ билан ўқийди. Воқеалар ривожига "шўнғиб" кетади...

Асар фронт ва фронт ортидаги қийинчиликлар, машаққатли давр одамлари, қизғин ҳаёт, ёшларнинг соф севгиси, садоқати ҳақида ҳикоя қилади. Кишиларнинг эзгу мақсад йўлидаги интилишлари бадиий акс этган, айни дамда бугунда арзимаган ҳаёт қийинчиликларидан нолиб юрадиган инсонларга ибрат мактаби бўла олади.

Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан “Тафаккур” нашриётида чоп этилган. Адибнинг ўғли Искандар Ёқубов томонидан нашрга тайёрланиб, Собир Ўнар муҳаррирлигида китобхонларга тақдим этилди. // ЎзА

“ҲАРАКАТ”: Бу китоб ва унинг қайтадан нашр этилиши – ажойиб ва кутилмаган янгиликдир.

Кўпчилик биладики, ёзувчи Одил Ёқуб “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг норасмий асосчиларидан бири бўлган. СССР КГБси (ҳозирги ДХХ) Одил Ёқуб раислик қилган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмси эшигига назорaт ўрнатиб ва ҳамма “Бирлик” фаолларини бу ерга киритмаслик ҳақидаги таклифини амалга оширтиришда ҳал қилувчи қадам қилган. Аслида, бу қадам ҳам “Бирлик”нинг фойдасига ишлаган.

Кейин Ислом Карим бу улуғ ёзувчини лавозимидан улоқтириб, ўрнига “Бирлик” тузилишида муҳим роль ўйнаган, аммо кейин сотқинлик қилиб, Ислом Карим тарафига ўтиб кетган бошқа ёзувчи Жамол Камолни ўтқазди. Жамол Камол ватанга, миллатга, “Бирлик”га хиёнат қилиб, ҳозир мавжуд режимни, унинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёни мадҳ этиш билан машғул.

Шундай қалтис замонда Одил Ёқубнинг китоби нашр этилиши – улуғ воқеадир. Биз буни қўллаб-қувватлаймиз.