04 September 2020
21:18 - Навоийлик талаба қиз газетада танқидий мақола ёзди. Шундан сўнг унга босим бўлгани айтилмоқда
ЎзЖОКУ талабаси Маҳфуза Пўлатова “Навоий зиёси” газетасида чоп этилган “Эфир учун қилинаётган эҳсонлар” сарлавҳали мақоласи учун маҳалла раиси томонидан босимга учрагани ҳақида хабар бермоқда.

М.Пўлатованинг айтишича, у мақоласида ўзи яшаётган ҳудуд ¬– Кармана тумани, “Боғишамол” маҳалласидаги онахонга эҳсон бериш жараёни ҳақида ёзади. Эҳсон тарқатувчилар ўз саховатини тасвирга олмоқчи бўлганида, онахоннинг нафсониятига теккан. Натижада, “Менга бунақа эҳсонларинг керак эмас, буларни олишга ўзимнинг ҳам қурбим етади” дея озиқ-овқат маҳсулотларини рад қилган. Мақолада бундан ташқари, ўша маҳаллада ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилалар бўла туриб, уларга ёрдам берилмагани айтилган. Бўлажак журналист дори-дармон воситаларининг асоссиз кўтарилиб кетиши, одамларнинг хўжакўрсинга қилаётган саховатини қоралаган.

“Боғишамол” маҳалласи раиси кеча, 3 сентябрь куни Мақсуд Пардаев ва котибаси билан уйимизга келиб, ота-онамга "Журналист қиз қани?" деб киноя қилишибди. Ўша вақт мен чиқиб қолдим. Раис "Мени танийсизми ўзи" деб сўради. “Йўқ, танимийман” дедим. Кейин "Қанақа мақола ёзганингизни биласизми, ўзингиз ўқиб чиқдингизми?" деди. "Мақоламни ёддан биламан, ҳамма ёзганларимга жавоб бераман” дедим. Ушбу баҳс устига кам таъминланган бир қўшнимиз келиб қолди: “Нима ёрдам қиляпсизлар маҳалла бўлиб" деди у ҳам. Кейин бақир-чақир кўтарилди. Кейин менга раис ва котибаси “Ундан кўра, ютуқларимизни ёзинг, мақтаб ёзинг” деди.

Шундан сўнг улар кетишди. Билсак, мен мақолада мисол келтирган онахоннинг уйига бориб, қизидан бизга маҳалла ҳар доим ёрдам беради мазмунида мажбурий тилхат ёздириб олибди. Қизиғи, мақолам эълон қилингач, онахоннинг уйига бориб ўқиб бердим. Онахон ҳам, қизи ҳам "Қизим, тўғри ёзибсиз, бу ерда ҳеч қандай туҳмат йўқ" дея, маҳалланинг бошқа кирдикорларини ҳам гапириб берганди. Ўзларининг шароити ҳақида ҳам йиғлаб гапирди онахон. Лекин маҳалла раисининг таҳдиди учун улар қўрққанидан, ўзлари хоҳламаган ҳолда тилхат ёзишди.

Ўша воқеадан бироз ўтиб яна бир маҳалладошимиз "Халқ сиздан норози" деб айтганида, раис "Сиз норозидирсиз, халқ мендан рози, мана, қўшнингиздан сўранг" деб ён қўшнимизни кўрсатибди. Дадам ўша пайт "Булардан нимани сўраймиз, сизнинг одамингиз-ку бу. Барибир сизни мақтайди, сайланишингизда ҳам тарғиботингиз билан шуғулланган" дебдилар. Раис кетишидан олдин дадамга "Бу сизнинг одамингиз деб хато айтдингиз, ҳали кўрасиз" дебди. Ўша куни кечқурун дадам ишга тунги навбатчилик учун кетган эдилар. Бугун эрталаб, 4 сентябрь куни 9:00 лар атрофида ишдан қайтаётганида, ўша ён қўшнимиз дадамга "Сени ҳали ўлдираман, қизинг маҳаллани ёмонлаб ёзиб чиқадиган бўлдими? Кеча нега мени раиснинг одами дединг” дея баҳслашиб кетган. Ўша вақт уйдан ўғли ҳам чиқиб, биргалашиб дадамни дўппослашган. Дадамга "Ҳали қизингни Тошкентда тинч қўймайман" деб дағдаға қилишибди. Ҳозир дадамнинг қўллари шилиниб, қонаган. Юзлари, қулоқларининг олди шилинган.

Ўйланиб қолдим. Эндигина бу соҳага кириб келяпман. Қизиқ, нега танқидни тўғри қабул қилмаймиз? Маҳалла раисининг менга уни эмас, буни ёз, дейиши ёки ўша онахондан тилхат олиши қанчалик тўғри? Маҳаллага масъул одам сифатида қўшнимиз ва дадамнинг ўртасида адоват юзага келишига сабабчи бўлганини қандай изоҳлаш мумкин?” дейди Маҳфуза Пўлатова.

Kun.uz “Боғишамол” маҳалласи раиси Мақсуд Пардаев билан телефон орқали боғланди.

Раис бу гаплар туҳмат эканлигини айтмоқда. Аммо ҳақиқатан ҳам М.Пўлатованинг уйига борганлигини тасдиқлади, лекин унга босим ўтказмаганлигини маълум қилди.

Маҳалланинг профилактика инспектори билан боғланганимизда, унга Маҳфузанинг отасини қўшниси урганлиги билан боғлиқ мурожаат бўлганини билдирди. Айни вақтда қўшнилар яраштириб қўйилган.

Маълум бўлишича, ёш журналистга таҳдид қилингани учун маҳалла раиси устидан прокуратурага мурожаат қилинган.

Исомиддин Пўлатов
Kun.uz мухбири