04 September 2020
13:25 - Яна ёлғон хабар: 2020 йил январь-август ойларида Давлат Бюджети даромадлари ижроси эълон қилинди. “Бирлик” Партияси нима дейди?
Молия Вазирлигининг Ахборот Хизмати Telegra.pm сайтида эълон қилишича, 2020 йил январь-август ойларида Давлат Бюджети даромадлари 82,9 трлн.сўмни ташкил қилибди, шундан 63,5 трлн.сўми солиқ идоралари томонидан назорат қилинадиган тушумларга, ҳамда 14 трлн.сўми божхона идоралари томонидан назорат қилинадиган тушумларга тўғри келибди. Давлат Бюджетининг бошқа даромадлари 8,4 трлн.сўмни ташкил қилганмиш.

Бундан ташқари, тоғ-кон компанияларидан даромадлар жами 22,6 трлн.сўмни (ёки умумий даромадларнинг 27,3 фоизини), жумладан фойда солиғи 11,1 трлн.сўмни, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиғи 7,6 трлн.сўмни ва давлат улушига ҳисобланган дивидендлар кўринишидаги даромадлар 3,8 трлн.сўмни ташкил қилибди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида фойда солиғи бўйича жами 17 трлн.сўм ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жами 10,4 трлн.сўм келиб тушибди.

Январь-август ойларида қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ва божхона идоралари томонидан жами 23 трлн.сўм, жумладан солиқ идоралари томонидан 11,7 трлн.сўм, божхона идоралари томонидан 11,2 трлн.сўм ундириб олинибди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 8 ойи давомида қўшилган қиймат солиғи бўйича тўловчиларга 3 трлн.сўм, жумладан I ярим йилликда 1,6 трлн.сўм, июлда 577 млрд.сўм, августда эса 779 млрд.сўм маблағ қайтарилибди.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобга олинадиган миқдорининг ҳисобланган миқдордан ошиб кетган қисми, фақат “ноль” ставка қўллайдиганлар учун эмас, балки барча тоифадаги тўловчиларга қайтариладиган тартиб жорий қилинган эмиш.

Давлат бюджети даромадларининг айрим солиқлар бўйича йўқотишлари, қимматбаҳо металлар нархининг ошиб бориши натижасида тоғ-кон корхоналаридан қўшимча тушумлар, давлат корхоналаридан дивидендлар ҳамда Давлат Бюджетининг бошқа даромадлари ҳисобига қисман қопланган.

Умуман олганда, 2020 йил январь-август ойлари тушумлари асосида қилинган ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якунлари бўйича Давлат Бюджети тушумлари 125,8 трлн.сўмни ёки Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат Бюджети тўғрисида” Қонунида кўзда тутилган прогнозга нисбатан 2,6 трлн.сўм кам бўлиши кутилмоқда эмиш.

Ҳамма гап шундаки, дейди мухбиримиз, бу рақамларнинг биронтасини исботи йўқ. Ҳурматли ўқувчиларимиз, тушунишингиз керакки, Ўзбекистонда иқтисодиёт соҳасида ва аҳолининг ўртача ойлиги бўйича жиддий олға кетиш йўқ экан, мамлакатимизда Шавкат Мирзиё раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган режим халқни алдаш ва лақиллатиш билан машғул бўлиб қолаверади.

Демак, аввалари ҳам кўп марта айтганимиздек, бу кетишда давлатимиз ўлади. Бизнинг мақсадимиз, нима қилиб бўлса ҳам, Шавкат Мирзиё раҳбарлигидаги режимни “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси узоқ йиллардан бери айтиб келаётган ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларни амалга оширишга мажбурлашдир.

ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтиш йўлига мавжуд режимнинг ўзи қўйган тўсиқларни улоқтириш ғояси ётиши ШАРТ.

Акс ҳолда, бу вазирлик, қолаверса, бутун Ўзбекистон давлати “каламушлар давлати” бўлиб қолаверади.