31 August 2020
19:42 - “Бирлик”: Ўзбекистон халқини мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан табриклаймиз!
Тарихимизнинг ҳозирги босқичида, Ўзбекистонда мустақиллик учун кураш 1988 йил 14 ноябрь кунидан бошланган. Айнан шу куни “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ташаббус Гуруҳи яратилди. Тинимсиз митинг-намойишларимиз натижасида 1989 йил 21 октябрда ўзбек тили ДАВЛАТ ТИЛИ деб эълон қилинди. Энг қизиғи, ўша йил 16 октябрда, яъни ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинишидан 5 кун аввал, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатни КПССдан чиқариб ташлашганди.

Курашимиз тўхтамасдан давом этаверди, 1991 йил август ойидаги ноқонуний давлат тўнтаришидан кейин, Абдураҳим Пўлатни қамоққа ташлаш ҳаракати бўлди, аммо буни ҳам қилолмадилар, у Москвага қочиб кетди. Ниҳоят, 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилишга мажбур бўлди.

Аммо, ўша куни қабул қилинган мустақиллик декларациясида СССРдан чиқиш тилга ҳам олинмаганлигини унутмайлик. Шу сабабли 1 сентябрь Мустақиллик Куни деб эълон қилиниши ҳам оддий воқеа сифатида қабул қилинган.

Воқеалар жўшқин ривожланишни давом эттирди ва эттирмоқда. Ўша йили декабрь ойида Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирди. Секин-аста ҳозирги кунга етиб келдик.

Нима бўлганда ҳам 31 август мустақиллик йўлидаги буюк қадам бўлди, аммо, “Бирлик” асосчилари Ўзбекистон парламентида бўлмагани сабабли, воқеаларни ташқаридан кузатиб бордик. Кейин ҳам мураккаб воқеалар бўлди, мана ҳали ҳам расман 1 сентябрни байрам қилиш билан машғулмиз.

Ўзбекистон халқини Мустақиллик Кунининг 29 йиллиги билан табриклаймиз. Тўғри, ҳозир аҳолининг ўртача ойлиги бўйича, ҳатто Марказий Осиёда ҳаммадан орқадамиз. Вақти келади, ростакам мустақилликка эришамиз, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича олдинги қаторларга чиқамиз.

Бу курашда биз билан бирга бўлинг, қадрли дўстларимиз, сафдошларимиз! Бахтли кунлар ҳам ҳали келади!

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси
31 август 2020 йил