Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали Ўзбекистон президентининг “Tashkent Central Park кўп тармоқли мажмуаси қурилиши бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди.
Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, қарор лойиҳаси билан Taskent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim Anonim Sirketi компанияси (Туркия) ва UzTur Investment and Development МЧЖ ўртасида 2020 йил 27 май куни Tashkent Central Park кўп тармоқли комплексини қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция шартномаси имзоланганлиги кўрсатилган.
Қарор лойиҳасида инвестор 2024 йил 1 январгача:
а) ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқлар ва йиғимлардан, хорижий мутахассисларининг иш ҳақи фонди бўйича ягона ижтимоий тўловдан, “вақтинча олиб кириш” божхона режимида олиб кириладиган ва расмийлаштириладиган қурилиш техникаси, машина ва механизмлар, асбоб-ускуналар, вақтинчалик бино ва иншоотлар, транспорт воситалари даврий божхона тўловларидан, қўшилган қиймат солиғидан – инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича, жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғидан – инвестиция лойиҳасида иштирок этувчи хорижий мутахассислар;
б) 2022 йил 1 январга қадар – технологик ҳужжатлар, материаллар, хом ашё, ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, шунингдек металл прокатини олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари), 2022 йил 1 январдан 2024 йилга қадар эса – ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар асосида юқорида қайд этилган товарлар олиб кирилганда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва қўшилган қиймат солиғидан ташқари) озод қилиниши белгиланмоқда.
Шунингдек, қарор лойиҳасида инвесторлар, пудратчилар ва субпудратчиларга инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида олиб кириладиган товарларни ўзининг сақлаш учун омборхоналарига жойлаштиришга рухсат берилмоқда.
Қайд этилишича, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши таъқиқланиши кўрсатилган.
Президентнинг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси”да хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишга чеклов чораларини белгилаш ва амалдаги корхоналарни қайта ташкил этиш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш амалиётидан воз кечиш кўрсатилган.
Шунингдек, президентнинг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3756-сонли қарорига асосан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши, вақтинчалик имтиёзлар президент ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши, индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, президент ҳужжатлари билан берилиши кўрсатилган, дейилади маълумотда.
Таъкидланишича, қўмита томонидан ушбу қарор лойиҳасининг қабул қилиниши оқибатида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликлар берилиши “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси, президентнинг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига, президентнинг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сонли қарори талабларига зид эканлигини инобатга олиб, қарорнинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб хулоса берилган, дейилади қўмита хабарида. // Kun.uz