24 August 2020
23:08 - Яна масхарабозлик: Қатор хорижий товарлар ва хизматлар хариди вақтинча тўхтатилармиш
Бугун эълон қилинган, аслида, 21 августда имзо чекилган Шавкат Мирзиёнинг қарорига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 ноябрдан хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматлар давлат харидларида иштирок этиши вақтинчалик тақиқланармиш ва чегараланармиш.

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёнинг “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қароридани айтилган ва бу қарор бугун эълон қилинган.
Ушбу қарор ҳақида 21 август куни президентнинг Бектемир туманига ташрифи вақтида ҳам айтилган бўлиб, президент ўшанда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини камайтириш зарурлигини таъкидлаган экан.

Қаранг, ҳурматли ўқувчиларимиз,

- устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлари харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда кузатув кенгашлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;

- хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланади ва чегараланади;

- давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар бўйича тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади;

- ҳудудий бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича харид комиссиялари таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари мажбурий тартибда киритилади.

Шу билан бирга, 1 январгача давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолашнинг умум қабул қилинган тамойиллари (PIMA) асосида марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициявий лойиҳаларни тўлиқ ва узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий қилинармиш. Шунингдек, қарор билан “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси (янги таҳрирда) ишлаб чиқилиши белгиланганмиш.

Кўриниб турибдики, бу - қарор эмас, оддий масхарабозлик ҳужжати ва уни бажаришни Бош Вазир Абдулла Арипов назорат қилармиш.