17 July 2009
02:41 - Жаҳонгир Муҳаммад бу ишни янги грипп касалига чалинганидан қилдими ёки АҚШ фуқаролиги олганидан?

Бир маҳаллар Аҳмад Челеби исмли собиқ банкир америкаликларни алдаб, пулини олиб юриш учун Саддам Ҳусайинга қарши Ироқ Миллий Конгресси номли ташкилот тузганди. Саддамни АҚШнинг ўзи курол кучи билан йиқитгандан кейин, бу Конгресснинг ҳеч қандай кучи йўқлиги маълум бўлди, Аҳмад Челеби қаёққадир қочиб кетди.

Шундай бўлса ҳам, Челебидан ўрнак оладиган ўзбек мухолифатчилари чиққанига ҳайрон бўлиш керак. 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин АҚШда яшайдиган Жаҳонгир Муҳаммад Челебининг ишини такрорлаш керак, деб ўйлади шекилли, Ўзбекистон Миллий Конгресси ташкилоти тузганини, ўзи раис бўлганини эълон қилди. “Ҳаракат” сайти уни ўзбек челебичиси деб эълон қилгач, ном ўзгартирилди – янги ташкилот Ўзбекистон Демократик Конгресси деб аталди.

Мана орадан 3 йил ўтди. Бу қоғоздаги ташкилот ҳатто қоғозда ҳам бир иш қилмади. АҚШда 10 йилча аввал ўлган ўзбек шоир-муҳожири Эргаш Булоқбошининг аёли эрининг хотирасига ўз уйида ўтказган худойи маросимини - Ўзбекистон Демократик Конгрессининг миллат буюклари хотирасига бағишлаган йиғилиши, деб эълон тарқатганини ҳисобга олмасак, албатта.

Швецияда янги вирус (чўчқа) гриппига чалинган ўзбек муҳожирларининг иши ҳақида ёзгандик. Минг афсуски, шундан кейин Жаҳонгир ҳам шу касалликка чалинибди. У ўз Конгрессини машҳур шоир Юсуф Жуманинг ўғли Алишерга топширибди. Чиройли баҳона ҳам ўйлаб топилган. Нима эмиш, ёшларга йўл берилаётганмиш. Дунё амалиётида, коммунист режимлардан ташқари, бунақа аҳмоқлик йўқлигини айтиб ўтишдан фойда бор. Айнан коммунистлар “октобряталар”, “пионерлар”, комсомоллар” ташкилотлари тузиб, ёшларни сиёсатга тортиш ўйини қилардилар. Ҳаётда эса, ҳамма нарса таниш билиш орқали бўларди.


Улар тушунишмайдики, ёшларга йўл берилмайди, агар уларнинг юрагида ўт ва бошларида ақл бўлса, ўз ишлари билан ёриб чиқадилар.


Балки, биз янглишаётгандирмиз. Жаҳонгирни чўчқа гриппи урмаган. У яқинда Америка фуқаролигини олгандан кейин, мухолифатчиликдан чиройли чиқиб кетиш йўлини ўйлаган холос. Шундай бўлса, уни тушуниш мумкин.


Аммо, бу махсус “операция”га машҳур шоиримизнинг ўғли қурбон қилинаётгани ачинарли ҳол. Ўзбекистондаги режимга қарши қоғоздаги ташкилотларда эмас, амалий фаолияти билан кураш олиб борган Юсуф Жуманинг юзига ўғлининг оёғини қўйдиришибди. Уят!