26 July 2020
18:34 - Kun.uz: Нодира Қодированинг сирли ўлими Туркияда яна кун тартибига чиқди

2019 йил 23 сентябрда Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида вафот этган Нодира Қодирова иши ва прокуратуранинг гумонланувчини судга тортмаслик тўғрисидаги қарори 24 июль куни Уналнинг Аё София намозидан сўнг қолдирган твити туфайли яна кун тартибига чиқди.

Аё Софияни янгидан ибодатга очилиши доирасида бўлиб ўтган жума намозида қатнашган Унал масжиднинг таклиф қилинган меҳмонларгина кириши мумкин бўлган ички қисмида тушган фотосуратини илова қилган ҳолда «Аё София масжидидамиз. Буни насиб айлаган Аллоҳимизга шукрлар бўлсин. РАИС (Эрдўған – таҳр.) бошчилигидаги меҳнати синган барчадан Аллоҳ рози бўлсин. #Жума муборак бўлсин», дея ёзганди у.





Унинг бу твитига журналистлар, адвокатлар, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва бошқа ижтимоий медиа фойдаланувчилари «#NadirayaNeOldu» (Нодирага нима бўлди?) саволи билан жавоблар ёзишди.

Уналнинг жума куни кечқурун ёзган ушбу твити остига ёзилган изоҳлар сони 20 мингдан ошди. 5 мингдан ортиқ киши эса мазкур ёрлиқ билан ретвит қилди. Натижада «#NadirayaNeOldu» ёрлиғи твиттердаги трендлардан бирига айланди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири эса «Қотилларнинг дуоси қабул бўлмайди», дея фикр қолдирди.

«Ҳисоб бермагунча сўрашда давом этамиз! Нодира Қодирова Ширин Уналнинг уйида ўлик ҳолда топилди, барча шубҳаларга қарамай, самарали тергов ўтказиш ўрнига гумонланувчини жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисида қарор қилинди. Жим бўлиб қолаётганимиз йўқ, адолатнинг этагини қўйиб юбормаймиз!», деди яна бир фойдаланувчи.

«Аё София муҳожир бир аёл-ишчининг депутатнинг уйида тағин айнан ўша депутатнинг қуролидан ўқ узилиши натижасида ўлим топганини ҳам пардалай оладими?», дея савол қўйилади яна бир твитда.

«Масжидга борганинг билан қилган ишларингни яшира олмайсан. Оллоҳ билиб турибди», дейди бошқа бир фойдаланувчи.

«Аё Софияда фақатгина мазаикалар эмас, жиноят ва гуноҳлар ҳам пардаланди», дейди яна бири.

Нодира Қодированинг ўлими ҳақида нималар маълум?

Ўзбекистон фуқароси, 23 ёшда бўлган Нодира Қодирова Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида 2019 йил 23 сентябрь куни кечқурун жонсиз ҳолда топилганди. У бу ерда қарийб бир йилдан буён ишлаб келаётганди.

Анқара полиция бошқармаси ушбу ҳодисага «қурол билан ўз жонига қасд қилиш» деб баҳолади.


Қодированинг яқин дугонаси Лайло Ниёзованинг марҳума билан сўнгги суҳбати эса марҳуманинг воқеадан бир кун аввал депутат Уналнинг жинсий тазйиқига учрагани ҳақидаги айбловларни ўртага чиқарди.

«22 сентябрдан 23 сентябрга ўтар кечаси дугонам Нодира менга қўнғироқ қилди. Биз икки соат давомида гаплашдик. У тинмай йиғлаб, ҳамма нарсадан чарчаганини, тўйиб кетганини бот-бот такрорлади. Ҳатто ўз жонига қасд қилишини ҳам айтиб ўтди. Шунда мен қўймай сабабини сўраганимда, икки ҳафта олдин ётган хонасига хўжайини кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб унга ёпишганини ва хўжайиннинг тўппончасини ўқи билан топиб олганини айтди. Дугонамнинг бу гапларини ҳазилга йўйдим. Бунақа бўлиши умуман хаёлимга ҳам келмаганди», деган эди Лайло Ниёзова Туркиянинг «Жумҳурият» газетасига берган интервьюсида.

Нодиранинг акаси Муҳаммадали Қодиров эса BBC ва бошқа матбуот вакилларига берган интервьюсида синглисининг ўлдирилганини айтганди.

Депутат Унал содир бўлган воқеа юзасидан Туркия Буюк Миллат Мажлисида қилган очиқламасида марҳуманинг психологик муаммолари бўлгани ва шу боис иккинчи ёрдамчини ишга олганликларини айтганди. «Биз уни жўнатмасимиздан аввал у ўзини жўнатди. Аллоҳ раҳмат қилсин», деганди у.

Унал ўз нутқида бармоқ изларини топширганини айтиб, зиммасидаги барча вазифаларни бажаришини билдирган, аммо жинсий зўравонлик ҳақидаги айбловлар юзасидан ҳеч нима демаганди.

Ўзбекистонлик қиз Туркия парламенти депутатининг уйида ўзини отиб қўйди. Марҳумнинг акаси полиция хулосасидан шубҳада

Воқеа қандай содир бўлганди?

Анқара полиция бошқармаси баёнотига кўра, воқеа рўй берган пайтда Унал ва унинг рафиқаси, қизи ва бошқа ёрдамчилари уйда бўлган.

Анқара Бош прокуратурасининг баёнотида Қодирова турган хонанинг эшиги қулфланган ҳолда бўлгани учун хавфсизлик ва тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан эшик бузиб кирилгани ва у касалхонага жўнатилгани айтилади.

Нодиранинг акаси Муҳаммадали воқеадан беш дақиқа олдин Ширин Унал билан гаплашганини айтганди.

«Воқеадан беш дақиқа олдин депутат Ширин Унал менга қўнғироқ қилди. У менга қурол йўқолиб қолганини айтди. «Синглинг олиб, сенга берган бўлса керак, деб ўйладим. У тўппончани олиб, хонасига қамалиб олибди. Биз эшикни очишга ҳаракат қиляпмиз», деди.

Бу орада Ширин Уналнинг қизи Дуйгу Унал эшикни тақиллатаётганди, бақир-чақир овозлари эшитилди. Шундан кейин телефондаги алоқа узилди. Мен дарҳол таксига ўтирдим ва воқеа содир бўлган уйга етиб бордим. Борганимда ҳаммаси рўй бериб бўлган, ўқ узилганди. Полиция мени ичкарига киритмади. «Синглим қаерда?» деб сўрадим. Улар «Касалхонага олиб кетилди», деб жавоб беришди. Таксига ўтириб, Билкент шаҳар касалхонасига бордим. «Мени ичкарига киритинг, мен унинг акасиман», дедим. Ичкарига қўйишмади. Кейин бир доктор чиқиб келди ва «Худо сабр берсин» деди. Ўша ерда мен тамом бўлдим», дейди ака.

Ширин Уналнинг қизи Дуйгу Унал воқеа жойида берган кўрсатмасида ўша кун отасини Эсонбуға аэропортидан олиб келганини, отаси уйга келгач, ундан уйдаги қуроллар қаерда эканини сўраганини айтган. Унинг таъкидлашича, воқеалар қуролларни қидира бошлашгандан сўнг ривожланган.

Нодира Қодирова иши. Туркия парламентининг мухолиф депутати Адлия вазиридан 6та саволга жавоб талаб қилди

Воқеа юзасидан қандай текширувлар ўтказилди?

Анқара Бош прокуратураси тергов жараёни ҳақида 2019 йил 2 октябрда баёнот берди. Бармоқ излари ва текширувлари учун зарур бўлган намуналар воқеа содир бўлган жойда яшаган барчадан, шу жумладан, депутат Ширин Уналдан ҳам олингани маълум қилинди.

Баёнотда отопси (ўлим сабабини аниқлаш мақсадида жасадни текшириш) натижасида олинган илк текширувда «марҳум кўкрак қафаси ҳудудидан 5-6 см баландликдан ўқ отилиши натижасида ўлгани аниқланди», дейилган.

Шунингдек, «отопси пайтида суд тиббиёти институтидан тирноқ, анал, қон ва барча био намуналарни олиб, керакли текширувлар ўтказиш учун рухсат сўралгани» маълум қилинган.

Қодировага тегишли деб билинган «мобил телефон, қайд дафтари ва ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ ёзувлар» текшириш учун олингани айтилган.

Қодированинг адвокати профессор-доктор Илёс Дўғаннинг айтишича, «воқеа жойидаги далиллар синчковлик билан тўпланмаган».

Анқара бош прокуратураси март ойида Қодирова «ўз жонига қасд қилди», деган хулосага келган ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос йўқ, деб қарор чиқарган. Мазкур қарорда «Отопси маълумотномаси мазмунидан ҳам англашиладики, Нодира Қодировага қарши жинсий зўравонлик ўтказилмаган», деб ёзилган.

«Учта тахмин бўйича иш олиб борилмоқда». Туркиялик адвокат Қодирова иши бўйича Kun.uz'га маълумот берди

Шубҳали экани айтилаётган қандай ҳолатлар бор?

Ушбу воқеалардан сўнг жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарорга нисбатан «жинсий зўравонлик» ва «қотиллик» апелляция даъвоси киритилган.

Аризада «жинсий зўравонлик жинояти мавжуд» экани айтилган ва «Ушбу жиноятни содир этган шахс Ширин Уналдир» деган фикр баён этилган.

Суд тиббиёт хулосасига кўра, Қодированинг танасидан олинган намуналарда PSA (простата учун хос бўлган антиген) мавжудлиги бу даъвонинг асосларидан бири эди.

Қодированинг адвокати Илёс Дўған ушбу антиген эркакларга тегишли унсур экани ва уларнинг аёлларда топилиши жуда кам учрайдиган ҳолат эканини айтар экан, жумладан, шундай деганди: «PSA кимга тегишли экани аниқланмади. У ерда фақат битта эркак бор эди, у ҳам бўлса Ширин Унал. Ҳеч бўлмаганда бир таққослаш лозим эди».

Ширин Уналнинг адвокати Дидем Сагин Караман эса PSA таққослаши ўтказилганини айтган ва «Модда Нодира Қодировага оид бўлиб чиқди. Кейинчалик суд тиббиётига ҳам мурожаат қилишди, баъзи организмларда учраши мумкин эканлиги маълум қилинди», деганди.

Ҳодиса билан боғлиқ яна бир шубҳали ҳолат Ширин Унал номи билан рўйхатга олинган ва Қодированинг ўлимига сабаб бўлган «Беретта» маркали ярим автомат тўппончада ҳеч қандай бармоқ изи топилмагани эди.

Жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисида қарор қабул қилган Анқара полиция бошқармасининг маълум қилишича, жиноят жойини текшириш дирекциясининг бармоқ изларини аниқлаш бўлинмаси ҳисоботида «воқеада фойдаланилган «Беретта» маркали қуролда ҳеч қандай бармоқ излари топилмади», деб айтилган.

Анқара полицияси жиноят лабораториясининг биологик экспертиза бўлими ҳисоботида эса қурол тепкиси ва жиноят жойидан олинган алмаштириш намуналарининг гиламдан олинган қон намуналарига мос келиши ва унинг Нодира Қодировага тегишли эканлиги айтилган.

Адвокат Дўған тўппончада бармоқ излари йўқлиги хусусида «Икки эҳтимол бор: биринчиси, қўлқоп кийиб ўқ узилган бўлиши мумкин, бундай ҳолда бармоқ изи чиқмайди. Ўлган одамда қўлқоп йўқ, унинг хонасида ҳам йўқ. Иккинчиси, ўқ узилгандан сўнг бу излар йўқотилган бўлиши мумкин», деганди.

Уналнинг адвокати Караман эса бу масалада унинг мижози бармоқ излари ва алмаштириш намунасини беришга мажбур бўлмагани ҳолда уларни берганини» айтганди.

Май ойида Нодира Қодирова ишини судга тортмаслик тўғрисидаги қарор устидан берилган апелляция рад этилди.

Шундан кейин адвокат Дўған ҳужжатни Конституциявий судга топширган.

Унинг айтишича, ҳужжат ҳали ҳам Конституциявий суднинг дастлабки тергов босқичида ва у ҳамон қайтадан кўриб чиқиш босқичига ўтказилмаган. // Kun.uz

“ҲАРАКАТ”: Kun.uz Интернет нашрида эълон қилинган бу хабарга бир неча расм илова қилинган. Биз уларнинг 2 тасини бу ерга қўймоқдамиз.

Биз бу хабардаги ҳамма маълумотларни ўз вақтида саҳифамизда эълон қилганмиз. Kun.uz ҳам шундай қилаётганидан хурсандмиз. Раҳмат бу Интернет нашрга!